Ўзбекистон–Франция ҳамкорлигининг янги йўналишлари муҳокама қилинди
Транспорт вазири Франция делегацияси билан учрашиб, Ўзбекистонда транспорт тизимини ривожлантириш йўлларини муҳокама қилди. Хусусан, шаҳар транспорти ва Янги Тошкент учун инновацион ечимларга эътибор қаратилди.
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Франция Ташқи ишлар вазирлигининг шаҳарларни барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Жерар Волф ва Франция Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Уалид Фук бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Мазкур учрашувда Франциянинг “Alstom”, “IVECO” ва “Dassault Systèmes” компаниялари вакиллари ҳам иштирок этди.
Музокараларда томонлар Ўзбекистон Республикасида транспорт соҳасининг устувор йўналишларини, хусусан, шаҳар транспортини ривожлантириш ҳамда шаҳар ичида ва унинг ташқарисида транспорт боғлиқлигини таъминлаш бўйича мультимодал ечимларни муҳокама қилди.
Шунингдек, шаҳар транспортининг ҳар хил турларига узоқ муддатли хизмат кўрсатиш ва улардан фойдаланиш учун маҳаллий операторлар ҳамда техник мутахассисларни ўқитиш, шунингдек, аҳолининг барқарор мобиллигини таъминлайдиган мультимодал транспорт тизимини (поездлар, метро, автомобиллар) шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, Ж.Волф Янги Тошкентда транспорт тизимини барпо этишда декарбонизация, транспорт воситаларининг самарадорлиги ва мультимодаллиги масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Шербек Исломов,
ЎзА