Ўзбекистон энг яхши технологияларни жорий этиш бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Табиатни муҳофаза қилиш, саноат ифлосланишини камайтириш ва экологик назоратни рақамлаштириш мамлакатимизнинг экологик сиёсатини барқарорлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Туркиянинг Истанбул шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) ҳамда Туркиянинг Атроф-муҳит, урбанизация ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамкорлигида энг яхши мавжуд технологияларни жорий этиш, экологик тартибга солиш тизимини такомиллаштириш ва табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини рақамлаштиришга бағишланган халқаро тадбир бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат экологик экспертизаси маркази бош директорининг ўринбосари Вячеслав Ши-сян иштирок этди.
Жорий йил 8–9 октябрь кунлари ўтказилган ИҲТТнинг энг яхши мавжуд технологиялар бўйича экспертлар гуруҳининг 11-йиғилишида давлат органлари, халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари ҳамда соҳа мутахассислари қатнашди.
Муҳокамаларда саноат корхоналари фаолиятининг экологик таъсирини камайтириш, атмосферага чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар ва сув ҳавзаларига оқизиладиган оқова сувлар бўйича технологик асосланган меъёрларни белгилаш, экологик рухсатномалар бериш тартибини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Халқаро тажриба алмашинуви давомида Европа Иттифоқининг энг яхши мавжуд технологиялар бўйича тармоқ маълумотномаларини ишлаб чиқиш ва комплекс экологик рухсатномаларни қўллаш амалиёти тақдим этилди. Жанубий Корея вакиллари эса саноат корхоналаридан чиқадиган ифлослантирувчи моддалар миқдорини прогноз қилиш, экологик мониторинг маълумотларини таҳлил этиш ва рухсат бериш жараёнларини автоматлаштиришда сунъий интеллект ҳамда машинали ўқитиш технологияларидан фойдаланиш тажрибаси билан ўртоқлашди.
Ҳиндистоннинг экологик рухсатномаларни бирхиллаштириш, корхоналарга уларнинг кўлами ва экологик хавф даражасига қараб талаблар белгилаш амалиёти ҳам ўрганилди. Туркия томонидан эса саноатни модернизация қилиш, илғор технологияларни жорий этиш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш бўйича тажриба тақдим этилди.
Тадбир доирасида иштирокчилар Истанбулдаги чиқиндиларни ёқиш ва цемент ишлаб чиқариш заводларига техник ташриф буюриб, чиқиндиларни қайта ишлаш, саноат газларини тозалаш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларида экологик назоратни ташкил этиш технологиялари билан танишди.
9 октябрь куни Ўзбекистонда миллий экологик тартибга солиш тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, энг яхши мавжуд технологиялар тамойилларини жорий этиш, давлат экологик экспертизасини такомиллаштириш, экологик меъёрлаштиришни ривожлантириш, ифлослантирувчи моддалар чиқиндиларини автоматлаштирилган тарзда мониторинг қилиш ва экологик рухсатномалар бериш жараёнларини рақамлаштириш масалалари ёритилди.
Ўрганилган халқаро тажриба миллий тармоқ маълумотномаларини ишлаб чиқиш, технологик жиҳатдан асосланган экологик меъёрларни жорий этиш, лойиҳа ҳужжатларини таҳлил қилиш ва табиатни муҳофаза қилиш чора-тадбирлари самарадорлигини баҳолашда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш учун муҳим аҳамиятга эга.
Тадбирнинг муҳим натижаларидан бири ИҲТТ Котибиятининг 2028 йилда Ўзбекистонда энг яхши мавжуд технологиялар бўйича экспертлар гуруҳининг навбатдаги учрашувини ўтказиш ҳақидаги таклифи бўлди.
Мазкур ташаббус халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажриба алмашиш ва саноатни экологик модернизация қилиш бўйича минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг экологик бошқарув соҳасидаги халқаро жараёнлардаги иштирокини янада мустаҳкамлаш имконини беради.
Маълумотлар Давлат экологик экспертизаси матбуот хизмати томонидан тақдим этилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА