Ўзбекистон электротехника саноатида туб ўзгаришлар: 2 миллиард долларлик сармоя ва янги қувватлар
Сўнгги ўн йил ичида мамлакатимиз электротехника тармоғига 2 миллиард доллар миқдорида инвестициялар жалб этилиб, 413 та янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида соҳада ишлаб чиқариш ҳажми кескин ортиб, маҳаллий маҳсулотларнинг нафақат ички бозордаги, балки хориждаги мавқеи ҳам сезиларли даражада мустаҳкамланди.
Маиший техника, қуёш панеллари, электрон ҳисоблагичлар, юқори кучланишли трансформаторлар каби 100 дан ортиқ турдаги янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Бу ҳақда 9 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида электротехника саноатида фаолият юритаётган тадбиркорлар ва хорижлик инвесторлар билан бўлиб ўтган мулоқотда қайд этилди.
Дарҳақиқат, соҳада эришилган натижалар, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги технологияларни ўзлаштириш борасидаги режалар кўлами ошмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан мутасаддиларга соҳада юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.
– Давлатимиз раҳбари ушбу мулоқотда бевосита ишлаб чиқариш, инжиниринг ва янги технологияларни қўллаш учун кадрлар тайёрлашга йўналтирилаётган инвестициялар жараёни билан яқиндан танишди ва бизга аниқ топшириқлар берди, – деди энергетика вазири Шерзод Хўжаев. – Хусусан, Энергетика вазирлиги олдига лойиҳалаш институтлари ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан узоқ муддатли шартномалар тузиш вазифаси қўйилди. Бу тизим тадбиркорларнинг келажакка бўлган ишончини янада оширади. Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида тегишли қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ҳукуматга киритилади.
Мулоқот давомида Президентимиз “NURA Electric” корхонасида муҳандислик ишланмалари ва дуал таълимга алоҳида эътибор қаратилаётганини юқори баҳолади. Бугунги кунда ушбу корхонада 100 нафарга яқин муҳандис-конструктор ва технологлар ўз инновацион ишланмаларини амалиётга жорий этмоқда. Шунингдек, яна 50 нафар талаба дуал таълим тизими асосида ҳам меҳнат қилиб маош олмоқда, ҳам бевосита ишлаб чиқаришда амалий тажриба тўпламоқда.
Таъкидланганидек, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрлаш ва технологик ривожланишни таъминлашда замонавий муҳандислар, конструкторлар ҳамда илмий ишланмалар ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу сабабли, соҳада малакали кадрлар тайёрлаш, муҳандислик салоҳиятини юксалтириш ва инновацион ечимларни ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этиш бугунги куннинг устувор вазифаларидан биридир.
Видеоси қуйида:
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (видео),
ЎзА