Ўзбекистон делегациясининг Россияга ташрифи: тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг тиббиётни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Тамила Алиева ҳамда соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Россия Федерациясига амалга оширган ишчи ташрифи доирасида қатор юқори даражадаги учрашувлар бўлиб ўтди.
ССВ матбуот хизматининг хабар беришича, сафар давомида Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин, Ҳукумат Раисининг ўринбосарлари Алексей Оверчук ва Дмитрий Григоренко билан музокаралар ўтказилган.
Шунингдек, Россия Федерацияси Президенти Администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Алексей Громов билан учрашув бўлиб ўтди.
Музокараларда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, тиббиётни рақамлаштириш ҳамда ўзбекистонлик мутахассисларнинг Россиянинг етакчи ихтисослаштирилган тиббиёт ва илмий муассасаларида малакасини ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон делегацияси ташрифнинг мазмунли ташкил этилгани, самимий ва илиқ кутиб олингани ҳамда сермаҳсул учрашувлар учун Россия Федерацияси Ҳукуматига миннатдорлик билдирди.
Қайд этилишича, мазкур учрашувлар икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
М.Қосимова, ЎзА