Ўзбекистон делегациясининг медаллари сони 44 тага етди
Аичи ва Нагоя шаҳарларида ўтаётган V Параосиё ўйинларининг бугунги кунида пара спортчиларимиз 12 та олтин, 17 та кумуш ва 14 та бронза медаль жамғарди.
Пара сузиш бўйича эркаклар ўртасида S13 классида 400 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида Дмитрий Хорлин 4:21.32 натижа билан олтин медални қўлга киритган бўлса, Егор Болотов маррага иккинчи бўлиб етиб келди ва кумуш медалга сазовор бўлди.
Пара дзюдо бўйича эркаклар ўртасида J2 классида 81 килограммгача бўлган вазн тоифасида беллашган Отабек Ирисбеков бронза медалига эга чиқди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА