Ўзбекистон – Чехия: саноат кооперацияси ва инновацион келажак сари дадил қадам ташланди
Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабиш 29-30 апрель кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди.
Бугунги кунда Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида очиқлик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва фаол дипломатия тамойиллари устувор аҳамият касб этмоқда. Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқаро майдонда ишончли ва истиқболли шерик сифатида юртимизнинг мавқеини янада мустаҳкамламоқда.
Бу борада Европа Иттифоқи мамлакатлари, хусусан, Чехия Республикаси билан алоқаларни мустаҳкамлаш икки томон учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Кўксарой қароргоҳида 30 апрель куни Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабишни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Қароргоҳ олдидаги майдонда фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий қутлаб, уни шоҳсупага таклиф қилди.
Ҳарбий оркестр ижросида Ўзбекистон ва Чехия давлат мадҳиялари янгради. Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.
Шундан сўнг Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабишнинг тор доирада ва икки мамлакат делегациялари иштирокида музокаралари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон билан Чехия ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида мамлакатимиз етакчиси ушбу ташриф Ўзбекистон – Чехия муносабатлари тарихида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб беришини алоҳида таъкидлади.
Барча соҳаларда ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ҳукуматлар, вазирликлар ва идоралар даражасида яқин алоқалар ўрнатилди, ишбилармонлик ва гуманитар алмашинувлар фаоллашди.
Парламентларда “Дўстлик гуруҳлари” ташкил этилган. Ҳукуматлараро комиссия самарали ишламоқда.
Кейинги йилларда товар айирбошлаш қарийб икки баробарга ошди. Мамлакатимизда Чехия капитали иштирокида 37 та қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. Бир қатор янги кооперация йўналишлари бўйича иш олиб борилмоқда.
Ўзаро савдо ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Товар айирбошлашни, шу жумладан, маҳсулот турларини кенгайтириш орқали 1 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.
Биргаликдаги савдони рағбатлантириш мақсадида Чехияда Ўзбекистоннинг биринчи сертификатлаш филиали ташкил этилмоқда. Чехиялик ҳамкорлар билан “Евро-6” стандартидаги автомобилларни сертификатлаш ва квант эталони бўйича замонавий лаборатория қурилмоқда.
Чехиянинг етакчи компаниялари билан машинасозлик, “яшил” энергия, геология ва муҳим хомашё, кимё, фармацевтика ҳамда бошқа соҳаларда лойиҳаларни амалга оширишни ўз ичига олган Технологик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, инфратузилмани ривожлантириш ва “ақлли” шаҳарлар яратиш, муҳандислик иши ва рақамлаштириш соҳаларида кооперация учун мавжуд истиқболлар қайд этилди.
Хусусан, куни кеча бўлиб ўтган Ўзбекистон – Чехия бизнес форумида эълон қилинган лойиҳавий ташаббуслар қўллаб-қувватланди.
Томонлар Экспорт кредитларини суғурталаш агентлиги ва Чехия Экспорт банкининг Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш ниятини олқишладилар.
Иқтисодий кун тартибидаги барча масалаларни илгари суриш учун Ишбилармонлар кенгашини тузиш ва Ҳукуматлараро комиссиянинг кейинги йиғилишини шу йил август ойида Тошкентда ўтказиш таклиф қилинди.
Маданий-гуманитар соҳада, шу жумладан, қўшма диплом дастурлари доирасида таълим ва академик алмашинувни кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани тасдиқланди.
Ўзаро маданият ва кино кунлари, кўргазма ҳамда концертларни мунтазам равишда ўтказиш, шунингдек, мамлакатлар ўртасида сайёҳлар оқимини кўпайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Шу мақсадда икки мамлакат пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри авиарейсни қайта тиклаш масаласи кўриб чиқилади.
Тартибли меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Халқаро кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Якунда қабул қилинган қарорларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабиш Кенгайтирилган ҳамкорликни илгари суриш тўғрисида қўшма декларацияни имзоладилар.

Шунингдек, иқтисодиёт, саноат, илмий ва технологик ҳамкорлик, дипломатик кадрларни тайёрлаш, метрология лабораториясини биргаликда лойиҳалаштириш ҳамда ташкил этишни қўллаб-қувватлаш, метрология соҳасидаги илмий-инновацион ҳамкорлик, геология соҳасидаги ҳамкорлик, электропоездларни етказиб бериш тўғрисида ва бошқа икки томонлама келишувларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон – Чехия олий даражадаги музокараларининг якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабиш Фахрий меҳмонлар хиёбонида биргаликда дарахт экдилар.

Маросим икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашув мустаҳкамланиб бораётгани, Ўзбекистон – Чехия кўп қиррали муносабатларини ривожлантиришда янги босқич бошланганининг рамзи бўлди.
Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабишнинг юртимизга расмий ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар тарихида янги саҳифа очади. Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги дўстлик алоқалари нафақат маданий-гуманитар соҳада, балки юқори технологияларга асосланган иқтисодий кооперация даражасига кўтарилганидан далолат беради. Икки давлат еткачиларининг ташаббуслари бугунги кунда кўп қиррали ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича амалий натижалар бера бошлади.
Мамлакатимизнинг халқаро майдондаги очиқлик сиёсати Чехия ишбилармон доиралари учун Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги энг жозибадор инвестиция маркази сифатида намоён этмоқда. Машинасозлик, “яшил” энергетика, фармацевтика ва рақамлаштириш каби соҳалардаги ҳамкорлик иқтисодий кўрсаткичларни оширади. Шунингдек, икки мамлакатнинг технологик салоҳиятини бирлаштиришга ҳам хизмат қилади.
Мазкур янги босқичдаги шериклик халқларимизнинг фаровонлиги йўлида хизмат қилувчи бардавом ва самарали лойиҳалар учун мустаҳкам пойдевор бўлиб қолади.
Шу билан Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабишнинг мамлакатимизга расмий ташрифи якунланди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбирлари