Ўзбекистон БМТга шунчаки аъзо давлат эмас! (+видео)
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг БМТ тизимидаги иштироки сезиларли даражада ошди – бу халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда.
Зеро, мамлакатимизнинг бугунги кунда олиб бораётган ички ва ташқи сиёсати Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг умуминсоний қадриятларга асосланган, дунёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, давлатлараро бирдамликни мустаҳкамлаш, халқаро иқтисодий, маданий ва ижтимоий-сиёсий алоқани ривожлантириш, инсон ҳуқуқи ва эркинлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ ҳамоҳанг. Ўзаро ҳамкорлик замирида ётган айни мувофиқлик БМТнинг мамлакатимиздаги доимий координатори вазифасини бажарувчи Мунир Мамедзаде билан суҳбат орқали янада аёнлашади, деган умиддамиз.
– Тажрибали халқаро мутахассис сифатида бугунги Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини қандай баҳолайсиз? Хусусан, БМТ билан 30 йиллик ҳамкорлик даврида мамлакатимизнинг қайси натижаларини алоҳида қайд этиш мумкин?
– Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Ўзбекистон узоқ муддатли ҳамкорлик тарихига эга. БМТнинг тўла ҳуқуқли аъзосига айланган 1992 йил 2 март кунидан бошлаб мамлакат асосий идоралар ишида фаол иштирок этиб келаётганини алоҳида эътироф этаман.
Республика БМТ Бош Ассамблеяси доирасида дастур ва жамғармалар, шунингдек, турли ихтисослашган тузилмалар билан глобал ва минтақавий миқёсда самарали ҳамкорлик қиляпти, дейиш мумкин. Юртингиз БМТнинг инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик, хавфсизлик, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида қатор конвенцияларни имзолаган, ратификация қилган. БМТ мазкур ҳужжатлар низомига амал қилиш, қабул қилинган халқаро мажбуриятларни бажаришда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлайди.
БМТ тизими Ўзбекистон халқи ва ҳукуматига кенг кўламли масалаларни ҳал этишда амалий кўмак бериб келаётганини таъкидлаш жоиз. Мамлакатингиз сиёсий ислоҳотлар борасида қувонарли натижаларга эришди. 2018 йил октябрда қабул қилган миллий Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришиш йўлидаги тизимли саъй-ҳаракатлар эса тараққиётга эришиш йўлининг мантиқий давомидир.
Шу мақсадда камбағалликни қисқартириш, сифатли таълимни таъминлаш, арзон, ишончли, барқарор ва замонавий энергия манбаларига яратиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича ишлаб чиқилган стратегияларни юқори баҳолаймиз.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати кўп қиррали ҳамкорлик мажбуриятини тўлиқ амалга оширишда фаоллик кўрсатмоқда. Тараққиётга эришиш, хавфсизликни таъминлаш, глобал хавф-хатарларга биргаликда қарши туришга, минтақавий ва халқаро шерикликда иштирокини кенгайтиришга тобора интилмоқда. Буларнинг бари, биринчи навбатда, мамлакатнинг яхши қўшничилик, очиқлик ва инсонпарварликка асосланган сиёсатидан далолат.
Шу нуқтаи назардан Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш ва иқтисодий хавфсизлик масалаларини илгари суриш, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва конфессиялараро бағрикенгликни янада яхшилаш йўлидаги ташаббуслари хорижда чуқур эътироф этилмоқда.
Ўзбекистон томонидан билдирилган қуйидаги муҳим ташаббус ва таклифлар БМТ майдонида алоҳида қизиқиш билан қарши олинди ва Бош Ассамблея томонидан маъқулланган:
– 2018 йил 22 июнда қабул қилинган “Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” бўйича резолюция;
– 2018 йил 12 декабрда қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси;
– 2021 йил 18 майда қабул қилинган Оролбўйи минтақасини инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эъълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция;
– 2022 11 июлда қабул қилинган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасиидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги махсус резолюция.
Шунингдек, республиканинг 2030 йилгача барқарор тараққиёт соҳасидаги глобал Кун тартиби ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги ҳиссасини, Иқлим ўзгариши бўйича Париж глобал иқлим келишувини амалга ошириш ишларига содиқлигини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
Яна бир маълумот: 2020 йил БМТнинг 75 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон жаҳоннинг бошқа мамлакатлари қатори мазкур аҳамиятли санани кенг нишонлади. Шу кунгача БМТ тизими Ўзбекистонда 50 дан зиёд миллий ва минтақавий мулоқот ўтказди, мамлакатнинг 34 мингдан зиёд аҳолиси БМТ Бош котиби томонидан илгари сурилган “Биз истаган келажак” номли глобал сўровномада фаол қатнашди.
– Жаноб Мамедзаде, сиз юқорида сўнгги йилларда мамлакатмизнинг БМТ доирасидаги иштироки сезиларли даражада кучайганини, жумладан, Оролбўйи ва экология масаласида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ҳаётий ташаббуслар тузилма доирасида бир овоздан маъқулланганини таъкидладингиз. Умуман, сайёрамизнинг экологик хавфсизлигига таҳдид ҳозир инсониятнинг асосий муаммолари қаторида турганини инобатга олсак, белгиланган вазифаларнинг аҳамияти нимада?
– 2021 йил май ойида БМТ Бош Ассамблеяси Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияни қабул қилган кундан эътиборан, айни йўналишда ижобий натижага эришиш энг устувор вазифалардан бирига айланган.
Масалан, БМТ шафелиги остида Оролбўйи минтақаси масаласига доир, инсон хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тузилган – “траст жамғармаси” минтақага янги билим, инновация ва янги технология жалб қилиш, ҳудуд чўлланишининг олдини олиш, “яшил” иқтисодиёт тамойилларини комплекс жорий этиш, экологик миграцияни амалга ошириш ва бошқа муҳим чоралар кўриш бўйича фаолият юритмоқда.
БМТ ва Ўзбекистон биргаликда турли донорларни жалб қилган ҳолда, инсон хавфсизлиги учун тузилган кўп шерикли “траст жамғармаси” Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш учун мулоқот майдонига айланди. Ушбу жамғарма аҳоли фаровонлигини ошириш, таълим олиш учун қулай шароит яратиш, соғлиқни сақлаш, оналик ва болаликни муҳофаза этиш ҳамда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш масалаларида одамларнинг реал эҳтиёжига асосланган лойиҳадир.
– Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда БМТ минбаридан янграётган ташаббус ва таклифларини аҳамияти, долзарблиги, халқчиллиги, қолаверса, глобал аҳамияти нуқтаи назаридан қандай баҳолайсиз?
Ўзбекистон томонидан илгари сурилган бир неча лойиҳа асосидаги махсус резолюцияларнинг ҳар бири глобаллашув жараёнида ўта муҳим аҳамият касб этувчи ҳужжатлар. Бугунги Ўзбекистон БМТга шунчаки аъзо давлатлардан бири эмас, балки даврнинг энг долзарб масалаларини фаол илгари сураётган минтақавий ва глобал даражадаги сермаҳсул иштирокчи.
Юртингиз жаҳоннинг муайян давлати дуч келадиган ички муаммолар билан чекланиб қолмайди. Масалан, коронавирус пандемияси, иқлим ўзгариши ёки бошқа турлича гуманитар вазиятларни ҳал этишда Ўзбекистон глобал миқёсдаги бирдамликни намойиш этиб келмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев таҳдид ва хавф-хатарларни дунёнинг ҳеч бир мамлакати ёлғиз енга олмаслигини асослаб берди.
Ўзбекистон муҳим ташаббуслари билан дунё ҳамжамияти ва БМТ аъзолари эътиборини тортди. Минтақавий ва кўп йўналишли ўзаро ҳамкорлик нуқтаи назаридан муносиб ўрни, етакчилик ролини намойиш қила олди. Ишочим комилки, бу ташаббусларнинг барчаси тизимли равишда амалга оширилади, жараёнга бошқа мамлакатлар ҳам қўшилади.
– 11 июль куни БМТ Бош Ассамблеясида бир овоздан маъқулланган, Ўзбекистон томонидан 40 давлат билан ҳаммуаллифликда ишлаб чиқилган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича махсус резолюциянинг аҳамияти ҳақида фикрингиз...
– Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши Ўзбекистон илгари сураётган ташаббуслар нақадар муҳимлигига яна бир ёрқин мисол.
Мазкур резолюция ўтган йили Тошкентда ташкил этилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция асосида ишлаб чиқилган. Иккала минтақа давлатлари вакиллари томонидан маъқулланган мазкур ҳужжатда ҳудудлар аҳолиси дуч келаётган умумий таҳдидларга қарши туриш йўллари кўрсатилган.
Афғонистондаги вазиятдан келиб чиқадиган бўлсак, минтақада озиқ-овқат хавфсизлиги, логистика ва бошқа қатор соҳаларда жиддий муаммолар мавжуд. Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг биргаликдаги саъй-ҳаракати марказий ҳудудлардаги мамлакатларнинг жаҳон бозорига чиқиш йўлини очиб бериши жиҳатидан муҳим.
Иқтисодий, инфратузилмавий, транспорт, рақамлаштириш, энергия таъминоти билан боғлиқ ташаббуслар доирасида келишиб иш олиб бориш бутун Осиё минтақасини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқади, албатта.
Таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари билан яхши қўшничилик муносабатини мисли кўрилмаган даражада мустаҳкамлашга эришди. Мазкур резолюция мамлакатнинг инсонпарварлик сиёсати таркибий қисми сифатида Афғонистон бўйича етакчилик ролини ҳам намойиш этади.
Бундан ташқари таълим, маданият, минтақа давлатлари фуқаролари ўртасида алмашинув соҳасидаги ўзаро саъй-ҳаракат заруратини ҳам қайд этади. Яъни, минтақа жипслашиши учун нафақат иқтисодий, балки ижтимоий-маданий ҳамкорлик ҳам жуда муҳим эканини кўрсатади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/fKfMEONyVEk" title="Мунир МАМЕДЗАДЕ: Ўзбекистон БМТга шунчаки аъзо давлат эмас!" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>Беҳруз Худойбердиев суҳбатлашди.
Нозимжон Марданов (видео),
ЎзА