Ўзбекистон биатлон федерациясига янги раис сайланди
Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгашида Ўзбекистон биатлон федерациясининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Мудофаа вазирлиги Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази, Қишки спорт турлари ассоциацияси ва бир қатор спорт ташкилотларининг вакиллари иштирок этган йиғилишда “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши раҳбари Ҳусан Ботиров федерация раиси этиб сайланди.
Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази бошлиғи Мансур Мамадаминов федерация раисининг биринчи ўринбосари лавозимига ва “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши раҳбари ўринбосари Анвар Курбаниязов федерация раиси ўринбосари лавозимига тайинланди.

Конференцияда Ўзбекистон Биатлон федерацияси раиси ўринбосари Анвар Курбаниязов федерация томонидан тўрт йил давомида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этди.
Конференцияда федерация раислигига сайланган Ҳусан Ботиров ишонч учун миннатдорлик билдириб, истиқболдаги стратегик мақсад ва режалар тўғрисида сўзлади.
Биатлон спорт турини мамлакатимизда ривожлантириш масалалари муҳокамаси давомида 2027 йил февралда Эстониянинг Отепя шаҳрида ўтказиладиган Жаҳон чемпионати ва 2030 йили Франциянинг Алп тоғларида ташкил этиладиган XXVI қишки Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчиларнинг муваффақиятли иштирокини таъминлаш юзасидан бир қатор таклифлар илгари сурилди.
Т.Рўзиев, ЎзА