Ўзбекистон - Беларусь: парламентлараро мулоқот дўстона муносабатлар ва янги иқтисодий имкониятларга кенг йўл очмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Ўзбекистон - Беларусь парламентлараро форумида иштирок этиш учун юртимизга ташриф буюрган Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Республика Кенгаши Раиси Наталья Кочанова билан учрашди.
Унда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни изчил ривожлантириш, мавжуд алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва икки томонлама муносабатларнинг янги йўналишларини белгилаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Томонлар парламентлар ўртасидаги мунтазам ва очиқ мулоқотни давом эттириш, давлат раҳбарлари даражасида эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этишда парламентларнинг ролини янада кучайтириш муҳимлигини таъкидлади. Парламент қўмиталари, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари ва ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштириш бўйича фикр алмашилди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учрашувнинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика, электротехника, тўқимачилик ва бошқа устувор тармоқларда қўшма лойиҳаларни кўпайтириш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш учун парламент дипломатияси имкониятларидан янада самарали фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

Шу нуқтаи назардан, парламентлар нафақат сиёсий мулоқотни ривожлантириш, балки бизнес вакиллари учун янги имкониятлар яратиш, инвестициявий ва кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлашда ҳам фаол иштирок этиши лозимлиги таъкидланди.
Учрашувда уюшган меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Фуқароларни қонуний асосда иш билан таъминлаш, уларнинг меҳнат, тиббий ва ижтимоий ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорлик механизмларини янада такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни янги мазмун билан бойитиш, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм йўналишларида амалий лойиҳаларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Хусусан, маданият кунлари, ректорлар форумлари ва тиббий форумларни мунтазам ўтказиш, ёшлар иштирокида қўшма ташаббусларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Беларусь ўқувчилари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйишга қаратилган янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Беларусь парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни институционал жиҳатдан янада мустаҳкамлаш, ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш, ишбилармонлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро парламент платформалари доирасида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувларга эришилди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА