Ўзбекистон банкларида фоиз ставкалари тартибга солинмоқда
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2026 йилнинг I чораги якунлари бўйича мамлакат пул бозори ва банкларнинг ликвидлик (тўлов қобилияти) ҳолатига доир навбатдаги таҳлилини эълон қилди.
Унга кўра, ҳисобот даврида давлат бюджети харажатларининг ортиши фонида банк тизимида эркин пул маблағларининг кўпайиши кузатилган.
Ҳисобот даврида ликвидлик профицитининг сезиларли ошиши, давлат бюджети операциялари фаоллашуви ҳамда пул-кредит сиёсатининг амалий инструментлари банклараро бозордаги умумий мувозанатга бевосита таъсир кўрсатди. Шу билан бирга, REPO ва депозит операциялари ҳажмидаги ўзгаришлар бозор иштирокчиларининг ликвидликни бошқариш стратегиялари қайта кўриб чиқилаётганидан далолат беради.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, пул бозорида фоиз ставкаларининг нисбатан барқарор шаклланишига қарамай, ликвидликнинг ортиқча таклифи ва айрим сегментлардаги пасайиш тенденциялари банк тизимидаги ресурслар тақсимотининг янги босқичга ўтаётганини англатади. Мазкур шарҳда келтирилган кўрсаткичлар пул-кредит сиёсатининг самарадорлиги ва молиявий бозорлардаги макроиқтисодий барқарорликни баҳолашда муҳим таҳлилий аҳамият касб этади.
Жорий йилнинг биринчи чорагида банк тизимида ликвидлик профитсити, яъни банкларнинг ихтиёридаги ортиқча пул маблағлари ҳажми ўтган йилнинг охирги чорагига нисбатан нақд 74,5 фоизга ошди ва ўртача 55,4 триллион сўмни ташкил этди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, ликвидлик профитсити — бу банкларнинг қўлида жорий тўловлар ва мажбуриятлардан ташқари ишлатилмай турган ортиқча эркин пул маблағларидир.
Давлат бюджетидан амалга оширилган харажатлар (иш ҳақи, нафақа ва пенсиялар тўлови), шунингдек, бюджет ташкилотларининг вақтинча бўш пул маблағлари аукционлар орқали тижорат банклари депозитларига жойлаштирилиши тизимга қўшимча пул оқимини олиб кирди. Банкларга жойлаштирилган бундай депозитлар ҳажми 27 фоизга ошиб, 8 триллион сўмга етди.
Мавсумий омиллар сабабли муомаладаги нақд пулларнинг банкларга қайтиши ҳисобига тизимда яна 5,7 триллион сўмлик қўшимча маблағ пайдо бўлди.
Шунингдек, Марказий банк йил бошидан банкларнинг мажбурий захиралаш қоидаларини ўзгартирди — мажбуриятлар қамрови оширилди, бироқ хорижий валютадаги захира нормаси 9,5 фоиздан 8,5 фоизгача туширилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги чорак давомида бюджет харажатларини молиялаштириш учун жами 9,3 триллион сўмлик давлат қимматли қоғозларини (облигацияларни) муомалага чиқарди. Банкларда пул кўплиги боис, ушбу хавфсиз активларга бўлган талаб жуда юқори бўлди.
Натижада, давлат облигациялари бўйича даромадлилик фоизи ойма-ой пасайиб борди ва ўртача 12,8 фоизни ташкил этди. Бу иқтисодиётда инфляция ва фоиз ставкалари пасайиши бўйича кутилмалар яхшиланаётганидан далолат беради. 1 апрель ҳолатига кўра, муомаладаги давлат облигацияларининг умумий қолдиғи 50,8 триллион сўмга етган.
Банкларда пулнинг ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши бозорда фоиз ставкаларининг кескин тушиб кетишига ёки инфляцияга сабаб бўлмаслиги учун Марказий банк уларни «сўриб олиш» (жалб этиш) операцияларини фаоллаштирди.
7 кунлик облигациялар: Марказий банк ҳафтасига ўртача 49,2 триллион сўмлик қисқа муддатли облигацияларни банклар ўртасида жойлаштирди (ўсиш 79 фоиз).
Овернайт (бир кунлик) депозитлар: Банклар ўзларидаги ортиқча пулни бир кунга Марказий банкка сақлашга қўйиш ҳажмини 20 фоизга ошириб, кунлик ўртача 5,1 триллион сўмга етказдилар.
Бу чоралар туфайли пул бозоридаги асосий индиректор (ўлчов) бўлган UZONIA ставкаси барқарор сақланиб, ўртача 13,7 фоизни (Марказий банкнинг 14 фоизлик асосий ставкасига яқин) ташкил этди.
Қизиқ жиҳати, банкларнинг ўзлари бир-бирларидан пул оладиган банклараро пул бозоридаги операциялар ҳажми ўтган чоракка нисбатан 11 фоизга пасайиб, 163 триллион сўм бўлди.
Пул бозоридаги операцияларнинг 74 фоизи (121 трлн. сўм) РЕПО (қимматли қоғозлар гарови остида пул бериш) операциялари ҳиссасига тўғри келди. Оддий банклараро депозитлар ҳажми эса 23 фоизга камайиб, 42 триллион сўмни ташкил этди.
Бозорда асосан қисқа муддатли, яъни овернайт (бир кунлик) операциялар устуворлик қилди (умумий ҳажмнинг 89 фоизи).
Марказий банк прогнозларига кўра, йилнинг II чорагида ҳам бюджет харажатларининг мавсумий ортиши банкларда пул кўпайишига хизмат қилади. Бироқ баҳор ва ёз ойларида аҳоли ва бизнес томонидан хорижий валютага ҳамда нақд пулга бўлган талабнинг анъанавий равишда кескин ортиши банклардаги ортиқча пулларни қисман камайтириши мумкин.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА