Ўзбекистон – БАА: иқтисодий тараққиёт йўлидаги стратегик ҳамкорлик
Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч, дўстлик ва манфаатли ҳамкорлик тамойиллари асосида изчил ривожланиб бормоқда. 1992 йилда дипломатик алоқалар ўрнатилганидан буён икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқот мустаҳкамланиб, савдо-иқтисодий, инвестициявий, энергетика, транспорт, таълим ва замонавий технологиялар соҳаларидаги ҳамкорлик кўлами кенгайди.
Рақамлар ҳам ҳамкорлик кўламини кўрсатади: Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йилда икки ўлка ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 1,3 миллиард долларга етган. Жорий йилнинг январь-август ойларида эса бу кўрсаткич 1,2 миллиард долларни ташкил этди.
Сармоя оқими: 450 дан ортиқ корхона ва янги лойиҳалар
Бошқа йўналишдаги алоқалар билан бир қаторда инвестиция ҳамкорлиги ҳам икки мамлакат иқтисодий муносабатларининг муҳим таркибий қисмига айланган. Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, диёримизда БАА капитали иштирокидаги 450 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Сўнгги уч йилда амирликлар инвестициялари ҳажми тахминан 3 миллиард долларни ташкил этган.
2025 йил 15 январда Абу-Дабида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар иқтисодий ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб берди, дейиш мумкин. Томонлар сунъий интеллект, рақамлаштириш, яшил энергетика, шаҳарсозлик ва инфратузилма, туризм ҳамда хусусий бизнесни устувор соҳалар сифатида белгилади. Шунингдек, 2030 йилгача ўзаро савдони ўн баравар ошириш ва инвестиция лойиҳалари портфелини 50 миллиард долларга етказиш мақсади қўйилди.
“Яшил” энергетика: келишувдан ишлаб чиқариш қувватигача
БААнинг “Masdar” компанияси юртимиз энергетика соҳасидаги муҳим инвесторлардан биридир. Мазкур компания билан ҳамкорликда умумий қиймати 1,5 миллиард доллар бўлган олтита энергетика лойиҳаси амалга оширилган.
Таъкидлаш керакки, бундай лойиҳаларнинг иқтисодий аҳамияти электр энергияси ишлаб чиқариш билан чекланмайди. Улар энергия таъминотини диверсификация қилиш, саноат корхоналарининг электрга бўлган эҳтиёжини қондириш ва энергетика инфратузилмасини модернизациялашга хизмат қилиши мумкин.
2026 йил 16 октябрда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев БААнинг “Masdar” ва “AMEA Power” компаниялари раҳбарлари билан учрашди. Президент матбуот хизмати икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми йил бошидан буён 40 фоизга ўсганини маълум қилди. Учрашувда йирик инвестиция лойиҳаларини илгари суриш масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Дубай билан бизнес алоқалар: тадбиркорлар учун янги майдон
Жорий йил 26 августда Дубай шаҳрида Ўзбекистон бизнес кенгаши ташкил этилгани эълон қилинди. Унинг асосий вазифалари — тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш, янги ҳамкорлар топиш ва савдо-инвестиция ташаббусларини илгари суриш.
Таъкидланишича, 2025 йил охирида Дубай савдо палатасига аъзо бўлган ўлкамиз компаниялари сони 826 тага етган. Бу 2024 йилга нисбатан 21,3 фоиз кўп. 2026 йилнинг биринчи ярмида эса палатага яна 75 та Ўзбекистон компанияси қўшилган. Бу рақамлар ўзбек тадбиркорларининг БАА бозорига қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади.
2026 йил 7 октябрда Абу-Дабида ўтказилган “Investopia Bridge” форуми доирасидаги Ўзбекистон – БАА бизнес давра суҳбатида ҳам энергетика, телекоммуникация, сунъий интеллект, молия, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, туризм ва транспорт-логистика соҳаларидаги имкониятлар муҳокама қилинди.
Рақамлардан иқтисодий натижага
34 йиллик дипломатик муносабатлар давомида Ўзбекистон ва БАА ҳамкорлиги савдо, сармоя, энергетика ва тадбиркорликни қамраб олган кенг иқтисодий шерикликка айланди. 2025 йилдаги ташқи савдо айланмаси, БАА капитали иштирокидаги корхоналар ва амалга оширилаётган энергетика лойиҳалари бу жараённинг аниқ кўрсаткичларидир.
Энди асосий масала – белгиланган мақсадларнинг иқтисодиётдаги амалий самарасини ошириш. Бу аввало, Ўзбекистон экспортини диверсификация қилиш, қўшма ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш ва инвестиция лойиҳаларини белгиланган муддатларда ишга туширишни англатади.
Шубҳасиз, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг изчил ривожланиши икки давлат иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш, ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш ва янги имкониятларни рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Энг муҳими, мазкур шерикликнинг амалий натижалари халқлар фаровонлиги ва барқарор тараққиётни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Мусулмон Зиё, ЎзА