Ўзбекистон атом энергетикаси соҳасидаги ёндашувини Лондонда тақдим этди
“Ўзатом” агентлиги делегацияси Лондонда ўтказилган Бутунжаҳон ядро ассоциациясининг 51-Бутунжаҳон ядро симпозиумида Ўзбекистоннинг атом энергетикасини ривожлантириш бўйича ёндашувини тақдим этди.
“Ядро энергетикасига янги йўллар” мавзусидаги сессияда катта қувватли “ВВЭР-1000” энергоблоклари ва кичик қувватли “РИТМ-200Н” реакторларини бирлаштирган интеграциялашган АЭС лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.

Симпозиум доирасида Франциянинг “Orano” компанияси, WNA, Бутунжаҳон ядро университети, “AtkinsRéalis” компанияси ҳамда Руанда атом соҳаси вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, ядро ёқилғиси цикли, халқаро ҳамкорлик, таълим дастурлари ва замонавий реактор технологияларини ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.
Агентлик ахборот хизматига кўра, ташриф якунлари Ўзбекистоннинг атом энергетикаси соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва тажриба алмашишга интилаётганини кўрсатди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА