Ўзбекистон-АҚШ: ядро хавфсизлиги ва кичик модулли реакторлар бўйича ҳамкорлик ривожланмоқда
Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раиси Абдуваққос Рафиқов ҳамда АҚШ давлат котибининг ядро қуролларини тарқатмаслик ва энергия соҳасидаги рақобатбардошлик масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Кристофер Клайн бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда FIRST дастури доирасида кичик модулли реактор технологияларидан хавфсиз ва масъулиятли фойдаланишга қаратилган ишлар муҳокама қилинди. Шунингдек, қўмита ходимлари учун ташкил этилган ўқув курслари самарали амалга оширилгани қайд этилди.

Томонлар дастурнинг кейинги босқичида норматив-ҳуқуқий базани халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш ва хавфсизликни тартибга солиш тизимини кучайтириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди. Шу билан бирга, атом энергиясидан фойдаланишда хавфсизликни таъминлаш ҳамда икки давлат ўртасида англашув меморандумини тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қўмита ахборот хизматига кўра, мазкур учрашув ядро хавфсизлиги соҳасида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва замонавий технологияларни жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА