Ўзбекистон –АҚШ: ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Жиззахдаги “BMB HOLDING” компанияси бош офисида компания Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов АҚШ Тараққиёт молия корпорацияси директори Тара Блейк ҳамда “Ardmore Capital” (АҚШ) компанияси президенти Бёрк Маккормаклар билан учрашди.
Тадбир аввалида ўзаро ҳамкорлик алоқалари 2018 йилдан буён ривожланиб келаётганлиги, ўтган йиллар мобайнида мамлакатимиз иқтисодий секторининг бир қатор йирик лойиҳаларига инвестициялар жалб қилинганлиги эътироф этилиб, мазкур алоқаларни янада жадаллаштириш, хусусан, халқаро молия тизимлари ёрдамида молиявий ресурсларни жалб қилиш, чуқур қайта ишланган маҳсулотлар ҳажмини ошириш орқали ташқи бозор улушини кўпайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзаро ишчанлик руҳида ўтган учрашувда агротехнологиялар, айниқса, рақамлаштириш ва инновацион технологиялар йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш имкониятлари муҳокама қилинди. Бу ташаббус агросаноат соҳасида янги уфқлар очишга хизмат қилади.
Шунингдек, Америка молиявий манбалари, жумладан, экспорт кредитлари ва савдо молияси каби воситаларнинг имкониятлари кўриб чиқилди. “Ardmore Capital” компанияси “BMB HOLDING” учун АҚШ ва Канада давлатларининг инвестиция жамғармалари билан доимий алоқаларни йўлга қўйишда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.

Мулоқот давомида макроиқтисодий барқарорлик, ҳуқуқий асослар, логистик имкониятлар, малакали ишчи кучи ва инфратузилманинг мавжудлигини таҳлил қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Бугунги мураккаб иқтисодий ва сиёсий шароитларда хатарларни баҳолаш, битимларни тузиш ва инвестицияларни бошқариш, лойиҳаларга нафақат маблағ, балки уларни муваффақиятли амалга ошириш учун зарур бўлган билим, тажриба ва ноу-хаоларни ҳам жорий қилишга келишиб олинди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири