Ўзбекистон антидопинг кодексига қонунчилигини мослаштирган дунёдаги ягона давлат сифатида эътироф этилди
Хитойнинг Пекин шаҳрида Жаҳон антидопинг агентлиги (WADA)томонидан ўтказилаётган Осиё ва Океания минтақасида спортда допингга қарши курашиш бўйича XXI ҳукуматлараро вазирлар йиғилиши ва Осиё минтақавий симпозиумида Ўзбекистон Жаҳон антидопинг кодекси–2027 талабларига миллий қонунчилигини тўлиқ мослаштирган дунёдаги биринчи ва ҳозирча ягона давлат сифатида қайд этилди.
Мазкур тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов мамлакатимизнинг антидопинг соҳасидаги ислоҳотлари ҳақида тақдимот ўтказиб, юртимизда антидопинг сиёсатини такомиллаштириш, халқаро стандартларни жорий этиш ҳамда спортда ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

WADA президенти Витолд Банка Ўзбекистон томонидан 2026 йил январь ойида ўтказилган тадбирларни алоҳида эътироф этиб, мамлакатимизнинг антидопинг тизимини такомиллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берди.

Муҳокамалар жараёнида халқаро экспертлар Ўзбекистоннинг жорий йил февраль-март ойларидаги мувофиқлик баҳолаш тизимидан муваффақиятли ўтганини таъкидлади.
Т.Рўзиев,
ЎзА