Ўзбекистон аҳолиси соғлиқ масалаларида сунъий интеллектга қанчалик ишонади?
Мамлакатимиз аҳолисининг 55 фоизи соғлиқ билан боғлиқ масалаларда сунъий интеллектдан фойдаланмоқда. 35 ёшгача бўлган ўзбекистонликлар орасида соғлиқ масалаларида сунъий интеллектдан фойдаланиш кўрсаткичи 69 фоизга етади.
Шу билан бирга, аксарият фуқаролар тиббий қарорларда сунъий интеллектни шифокорнинг ўрнини босувчи эмас, балки қўшимча манба сифатида кўрмоқда. Бу ҳақда “STADA Health Report 2026” халқаро тадқиқотида маълум қилинди.
Тадқиқотга кўра, ўзбекистонликларнинг 21 фоизи шифокор қабулидан кейин қўшимча фикр олиш учун сунъий интеллектга мурожаат қилади. 15 фоиз респондент ташхисини яхшироқ тушуниш учун ундан фойдаланишини айтган.
Шу билан бирга, сунъий интеллектга нисбатан эҳтиёткорлик ҳам юқори. Ўзбекистонликларнинг ярми шифокорга мурожаат қилиш ўрнига сунъий интеллект билан маслаҳатлашишга ҳозирча тайёр эмас. 47 фоиз респондент эса сунъий интеллект қўйган ташхисга тиббиёт мутахассиси ташхиси билан бир даражада ишонишга тайёр эмас.
Бугун Тошкентда “STADA Health Report 2026” халқаро сўрови натижаларига бағишланган тақдимотда шу ҳақда атрофлича маълумот берилди.
Маҳаллий мутахассислар ва экспертлар, шунингдек, Қозоғистондан ушбу соҳа вакиллари онлайн иштирок этган тадбирда сўзга чиққанлар тадқиқот натижалари аҳолининг соғлиқни сақлаш тизимига ишончи ортиб бораётганини, шу билан бирга, замонавий тиббий хизматларга бўлган эҳтиёж ва қизиқиш кучайиб бораётганини кўрсатаётганини таъкидлади.

“STADA” компанияси тақдим этган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 82 фоизи давлат соғлиқни сақлаш тизими фаолиятидан қониқишини билдирган. Бу кўрсаткич 2025 йилга нисбатан 13 фоиз пунктга юқори. Тадқиқотда қатнашган 20 давлат бўйича ўртача кўрсаткич эса 56 фоизни ташкил этган.
Шу билан бирга, аҳолининг 52 фоизи давлат соғлиқни сақлаш тизими рақамли тиббий воситалар ва хизматлар билан яхши таъминлаётганини ҳисоблайди. Бу 20 давлат бўйича ўртача 28 фоизлик кўрсаткичдан қарийб икки баравар юқори.
Соғлиқни сақлаш тизимидан қониқиш юқори бўлишига қарамай, аҳоли уни янада такомиллаштиришни кутмоқда. Респондентларнинг 59 фоизи қишлоқ ва етарли даражада тиббий хизмат билан таъминланмаган ҳудудларда бу борадаги ишларни устувор вазифа сифатида кўрсатган. 36 фоиз бирламчи тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини ошириш, 35 фоиз эса навбатларни қисқартириш ва тиббиёт мутахассислари сонини кўпайтириш зарур, деб ҳисоблайди.
Тадқиқотда Ўзбекистонда профилактик тиббий кўрикларда иштирок этиш даражаси пастлиги ҳам қайд этилган. Аҳолининг 48 фоизи мавжуд профилактик кўрикларнинг бирортасидан ҳам ўтмайди. Бу кўрсаткич тадқиқотдаги 20 давлат бўйича ўртача 33 фоиздан юқори.
Шунингдек, аҳолининг 85 фоизи ўз соғлиғини тўлиқ ёки асосан назорат қила олишига ишонади.
“STADA” компаниясининг Ўзбекистондаги бош директори Бахтиёр Ҳожимуҳамедовнинг фикрича, бугун Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими жадал тарзда ўзгариб бормоқда ва бу ўзгаришларни одамларнинг ўзи сезаётгани айниқса муҳим.

–Тадқиқот иштирокчиларининг ярмидан кўпи соғлиқни сақлаш тизимининг рақамли имкониятларига юқори баҳо бермоқда. Шу билан бирга, сунъий интеллект каби янги технологиялардан фойдаланиш ҳам ортиб бормоқда. Бироқ тадқиқот мамлакатимизда инсон омили ҳануз муҳимлигини ҳам кўрсатди: одамлар учун шифокор, оила ва яқин кишилар аввалгидек ишончли манба бўлиб қолмоқда.
Шу сабабли, технологияларнинг ривожланиши соғлиқни сақлашнинг анъанавий моделидан воз кечиш дегани эмас. Аксинча, бу тизимда янги имкониятларнинг пайдо бўлиши демакдир. Энг муҳими, янги технологиялар одамларга ўз соғлиғига яхшироқ эътибор қаратиш ва янада онгли қарорлар қабул қилишда ёрдам бериши керак.
Умуман, “STADA Health Report 2026” натижалари Ўзбекистонда рақамли тиббиёт ва сунъий интеллектга қизиқиш ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Бироқ тиббий қарорлар қабул қилишда инсон омили, хусусан, шифокорлар ва тиббиёт мутахассисларига бўлган ишонч ҳануз асосий ўринда, – деди Б. Ҳожимуҳамедов.
Тақдимот доирасида маҳаллий соҳа вакиллари ва сунъий интеллект йўналишида фаолият юритаётган мутахассислар ҳам мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Улар тиббиётда рақамли технологиялардан фойдаланиш хизматларни янада қулайлаштириши мумкинлигини таъкидлади. Шу билан бирга, сунъий интеллект шифокор ўрнини босмаслиги, балки тиббий қарорларни қабул қилишда қўшимча восита сифатида хизмат қилиши муҳимлиги қайд этилди.
Мутахассисларнинг хулосасига кўра, сунъий интеллектдан самарали фойдаланишда ишончли маълумотлар, инсон назорати ва тиббиёт мутахассисининг якуний қарори муҳим аҳамиятга эга. Янги технологиялар беморларнинг ўз саломатлиги ҳақида кўпроқ маълумот олиши ва онгли қарор қабул қилишига ёрдам бериши мумкин.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА