Ўзбекистон агроэкспорти кенгаймоқда: Анор ва қалампир учун янги бозорлар (+видео)
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари халқаро бозорларда ўз ўрнини кенгайтирмоқда. Бугунги кунда экспортга йўналтирилаётган маҳсулотлар тури кескин ортиб, янги мамлакатлар билан ҳамкорлик учун эшиклар очилмоқда.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт географияси тобора кенгайиб бормоқда. Навбатдаги муҳим бозор – 1,4 миллиарддан ортиқ аҳолига эга Ҳиндистон. Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси томонидан Ўзбекистон анори ва аччиқ қалампирини ҳамкор давлат бозорига экспорт қилиш учун фитосанитария рухсати олинди.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги экспорти сўнгги йилларда янги турдаги маҳсулотлар учун бозорлар очилаётгани эвазига кенгайиб бормоқда. Бир неча йил аввал хорижий давлатларга чиқариладиган мева-сабзавот тури 600 тадан ортмаган бўлса, бугунги кунда фитосанитария сертификати асосида салкам 700 турдаги маҳсулотни экспорт қилиш имкони мавжуд.
Ўзбекистон экспортида энди фаровонлик ва барака рамзи ҳисобланган анор ҳам бор. Ўтган йили Жанубий Корея бозорларини забт этган маҳсулотимизни эндиликда Ҳиндистонга экспорт қилиш мумкин. Бундан ташқари, Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси томонидан ушбу давлат миллий фитосанитария хизмати билан олиб борилган музокаралар натижасида аччиқ қалампир экспорти учун ҳам рухсат олинди.
–Ҳиндистон бозорига Ўзбекистонда етиштирилган анор ва аччиқ қалампир учун фитосанитария рухсатлари олинди, – дейди Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси мутахассиси Назокат Тоҳирова. – Экспорт учун фитосанитария талаблари белгиланди. Мазкур талаблар ўз ичига қуйидагиларни олади. Унда янги узилган анор ва аччиқ қалампир зараркунандалардан холи бўлиши лозим. Маҳсулотлар бегона ўтлардан ва тупроқ қолдиқларидан холи бўлиши талаб этилади.
Ушбу талабларнинг бажарилгани қўшимча декларацияда қайд этиб ўтилиши лозим. Шу сабабли экспортчилар маҳсулотни етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш жараёнларида мазкур талабларга риоя этишлари зарур бўлади.
Маълумот учун, Ҳиндистонда аччиқ қалампир озиқ-овқатни қайта ишлаш саноатининг муҳим элементи ҳисобланади. Мамлакатнинг ўзи қалампир етиштириш бўйича етакчиларидан бири бўлса-да, ички бозорда доимо импортга талаб бор. Хитой, Испания, МДҲ давлатларига аччиқ қалампирни етказиб берувчи тадбиркорларимиз учун яна бир мамлакатдан фитосанитария рухсати олиниши янги харидорлар билан ҳамкорлик ўрнатиш ва миллий маҳсулотимизни халқаро бозорларга олиб чиқиш имкониятларини янада оширади.
Санжар Тошпўлатов,
Улуғбек Тўхтаев (видео),
ЎзА