"Ўзбекистон–2030" стратегияси: Яшил тараққиёт пойдевори мустаҳкамланмоқда
Табиат билан ҳисоблашиш, унинг яшилликка интилишини қўллаб-қувватлаш инсоният учун нафақат ахлоқий талаб, балки экологик мажбуриятдир.
Бугунги глобал иқлим ўзгаришлари, сув тақчиллиги ва экологик хавф-хатарлар шароитида атроф-муҳит барқарорлигини таъминлаш ҳар бир давлат ва тузилмалар, керак бўлса одамлар олдига стратегик вазифаларни қўймоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг юксак минбарларидан ҳамда халқаро иқлим саммитларида илгари сурган глобал экологик ташаббуслари мамлакатимизнинг яшил тараққиёт пойдеворини мустаҳкамламоқда.
Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясида “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” резолюциясини қабул қилиш ташаббуси ҳамда Оролбўйи минтақасини “Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди”, деб эълон қилиш борасидаги тарихий қадамлари халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланди.
Ушбу юксак мақсадларга эришишда стратегик мақсадларни босқичма-босқич яхшилаш, инсонларнинг кундалик иш одатларини ижобий трансформация қилиш талаб этилади.
Зеро, экологик барқарорликка эришишда ички маданиятни бойитиш ҳамда ресурсларни самарали жорий этиш лозим бўлади.
Бугунги глобаллашаётган дунёда жаҳоннинг бир қатор ривожланган мамлакатларида атроф-муҳит муҳофазаси борасида амалга оширилаётган саъйи-ҳаракатларга эътибор қаратсак, улар айнан инсон капиталини бошқариш орқали юксак натижаларга эришганлигига гувоҳ бўламиз.
Масалан, Скандинавия мамлакатлари экологик маданиятни корпоратив бошқарувнинг институционал даражасига кўтариб, ходимларнинг ихтиёрий экологик хулқ-атворини рағбатлантириш тизимини мукаммал шакллантирган.
Япония тажрибасига эътибор қаратсак, кунчиқар диёр ўзининг анъанавий тежамкорлик фалсафасини замонавий технологияларга интеграция қилиб, ҳар бир инсон даражасида ресурсларни нол исроф қилиш тизимларини жорий этган.
Германия ва АҚШ тажрибасида одамларнинг экологик билим ва тафаккури табиат билан тиллашишда бош омил даражасига олиб чиқилган.
Яқин қўшнимиз Хитой эса йирик саноат тармоқларида экологик менежмент стандартларини одамларнинг кундалик фаолият меъёрларига қатъий боғлаш орқали яшил механизмларни шакллантирмоқда.
Мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинган "Ўзбекистон–2030" стратегиясида қувват самарадорлигини ошириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланганлиги Янги Ўзбекистоннинг дунё билан яшил энергия тизимида интеграциялашув жараёнини тезлаштирди, десак муболаға бўлмайди.
Бошқача айтганда, юртимизнинг “ухлаб ётган” яшил қувват ресурслари ва захираларини бу ёндашув уйғотдики, айни жараён ўз-ўзидан мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий, моддий-маънавий булоқларнинг кўз очишига замин яратмоқда.
Шундай шароитда, юртимизнинг турли соҳаларига киритилаётган сармояларни, коммуникация тизимларини, инновацион технологияларни бошқарадиган инсонларда экологик билим ва кўникмалар шакллантирилмаса, яшил энергия тизимида кутилаётган юксалишларга эришиб бўлмайди.
Зотан, барқарор тараққиётга фақат умумий ҳаракатлар ва янгича ёндашувлар орқалигина эриша олиш мумкин бўлади.
Бибижон Аралбаева,
Тўлқин Рўзиев, ЎзА