“Ўзбекгидроэнерго” Хитой корпорацияси билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Гидроэнергетика соҳасини ривожлантириш янги қувватларни ишга тушириш, мавжуд иншоотларни модернизация қилиш ва замонавий технологияларни ўзлаштиришни талаб этади. Бу борада халқаро тажриба ва инвестицияларни жалб қилиш, илғор муҳандислик ечимларини жорий этиш муҳим аҳамиятга эга.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси Ислом Абдураҳмонов Хитойнинг “China Energy International Group” корпорацияси раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Унда мазкур масалалар ҳақида сўз борди.
Мулоқотда Президентимизнинг 2026 йил 1 майдаги “Гидроэнергетика соҳасини янада ривожлантириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ва узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар инвестицияларни жалб этиш, гидроэнергетика объектларини модернизация қилиш, замонавий муҳандислик ечимларини жорий этиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқди. Шунингдек, Жамият тизимидаги лойиҳа институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, мутахассислар малакасини ошириш ва кадрлар алмашинуви орқали тажриба алмашиш масалаларига эътибор қаратилди.
“China Energy International Group” Хитойнинг “China Energy Engineering Group” (“Energy China”) корпорацияси таркибидаги халқаро тузилма бўлиб, энергетика объектларини лойиҳалаш ва қуриш соҳасида фаолият юритади. Корпорация гуруҳига кирувчи муҳандислик-қурилиш компаниялари йирик гидроэнергетика лойиҳаларида иштирок этган.
Хитойдаги 22,5 гигаватт қувватли “Уч дара” (Three Gorges), 16 гигаваттлик “Байхэтань” (Baihetan) ва 12,6 гигаваттлик “Силоду” (Xiluodu) ГЭСлари йирик гидроэнергетика иншоотлари ҳисобланади. Ушбу лойиҳаларда қўлланилган муҳандислик ечимлари ва технологиялар соҳада халқаро тажрибанинг аҳамиятини кўрсатади.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, амалий шерикликни кенгайтириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА