Ўзбек зиёлисининг чин намунаси
Ўзбекистон халқ артисти Олим Хўжаев таваллудининг 110 йиллиги
Ўзбек Миллий академик драма театрида ўзбек театр ва кино санъатининг афсонавий ижодкори, Ўзбекистон халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори Олим Хўжаевнинг 110 йиллиги муносабати билан хотира кечаси бўлиб ўтди.
Кечада устоз санъаткорларнинг хотирасини эъзозлаш, уларнинг меросидан ёшларни баҳраманд этиш, бадиий маҳорат мактабини пухта ўрганишга оид ишлар санъатимиз ривожида алоҳида ўрин тутиши таъкидланди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан санъат дарғаларининг юбилей саналари кенг нишонланаётгани устозлар ижодига бўлган эҳтиром намунасидир.
Манбаларга кўра, актёр, режиссёр, жамоат арбоби, лирик, драматик ва фожеавий образларнинг моҳир устаси ва асл зиёлиликнинг тимсоли бўлган машҳур ўзбек санъаткори Олим Хўжаев 1910 йилда Бухорода туғилган.
У 1929 йили Бухородаги маориф билим юртини тугатиб, Ҳамза номидаги Ўзбек давлат академик драма театрида актёр сифатида ўз меҳнат фаолиятини бошлаб, К.Гоццининг «Маликаи Турандот»идаги Қалаф, 3.Фатхуллиннинг “Сотқинлар”идаги Номозов каби илк образларини яратди. Тиниб-тинчимас, ғайратли, ўз устида ишлашдан чарчамайдиган актёрнинг бу образлари унинг келгусида яратиши мумкин бўлган етук образларига маълум тайёргарлик вазифасини ўтади.
Театр мутахассисларининг фикрича, Олим Хўжаев К.Яшин, А. Умарийларнинг драмаси асосида саҳна юзини кўрган «Ҳамза» спектаклида Ҳамза ролини моҳирлик билан ижро этди. У «Ҳамза» спектакли ва 1960 йилда кинорежиссёр 3.Собитов суратга олган «Ҳамза» бадиий фильмида Ҳамзанинг ташқи қиёфаси, серғайрат ҳаракатларини, тоза қалби ва шоирона табиатини томошабинга етказа олган.
Катта авлод вакиллари театр саҳнасида Олим Хўжаев талқинидаги Навоий образини алоҳида меҳр ва эҳтиром билан ёдга олади.Бу образ санъаткор талқинида ғоят таъсирчан, бадииятга бойлиги, маромига етказилгани билан қадрлидир.
Мутахассисларнинг эътирофича, 1960 йилда Ҳамза театрида саҳналаштирилган драматург Иззат Султоннинг «Имон» спектаклидаги профессор Йўлдош Комилов образи санъаткор ижросидаги бадиий етуклиги билан аҳамиятлидир.

Устоз санъаткорнинг кўплаб спектакллардаги образларида ҳам зиёлиларимиздаги эзгу туйғулар, энг яхши инсоний фазилатлар тантанаси тараннум этилган.
О.Хўжаев салбий образларни ҳам маромига етказган санъаткор эди. Актёр яратган Шекспирнинг «Отелло»сидаги Яго, «Юлий Цезар»идаги Юлий Цезарь образлари шулар сирасига киради.
Санъаткорга 60-йилларда яна бир шуҳрат келтирган образ В. Шекспирнинг «Қирол Лир» фожиасидаги Қирол Лир образидир. Устоз санъаткор Қирол Лир образини юксак маҳорат билан ижро этгани учун 1967 йилда Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлганди.
Олим Хўжаев режиссёр сифатида ҳам самарали ижод қилиб, Б.Раҳмоновнинг «Юрак сирлари», Ҳамзанинг «Бой ила хизматчи» ва бошқа спектаклларни саҳналаштирган.
Кечада устоз санъаткорга бағишланган ҳужжатли фильм, мумтоз куй-қўшиқлар, театр дарғаларининг ёрқин хотиралари, қизиқарли спектакллардан намуналар томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.
Н.Усмонова, ЎзА