Ўзбек жанг санъати спорт турининг ривожи мураббий ва ҳакамларнинг билими билан белгиланади
Мамлакатимизда миллий спорт турларини ривожлантириш орқали азалий қадриятларимизни халқаро майдонда улуғлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини янада ривожлантириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Биргина юртимизда ўзбек жанг санъати спорт турининг вужудга келиши ва оммалашиши натижасида бугунги кунда 50 минг нафардан зиёд ёшлар ушбу спорт тури билан қамраб олинган бўлиб, жойлардаги тўгарак ва машғулот залларида минг нафарга яқин мураббий мутахассислар ушбу спорт турида машғулотлар олиб бормоқда

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ўзбек жанг санъати спорт тури бўйича ҳакамлар ва мураббийлар учун ўтказилаётган семинар давомида шу ҳақда сўз борди.

Мураббий ва ҳакамларнинг касбий билим ҳамда малакаларини ошириш мақсадида ўтказилаётган мазкур семинар ўзбек жанг санъатини янада ривожлантириш, мусобақаларда ҳакамлик жараёнларини ягона стандарт асосида олиб бориш назарда тутилган бўлиб, унда амалдаги ҳакамлик қоидалари, баҳолаш мезонлари, баҳсли вазиятларни ҳал этиш, спортчилар хавфсизлигини таъминлаш масалалари таҳлил қилинди.

– Давлатимиз томонидан оммавий спортни ривожлантиришга, миллий спорт турлари тараққиётига эътибор қаратилаётганлиги натижасида ўтган икки йил давомида ўзбек жанг санъати алоҳида спорт тури сифатида БРИКС спорт ўйинлари тизимига киритилди. Ўтган йили Туркияда ўтказилган Этноспорт ўйинларида кўргазмали чиқиш ва мусобақалар ташкил этилди. Жанубий Корея, Қозоғистон каби давлатларда чемпионатлар ўтказилиб, халқимизга хос анъана, спорт либослари, жанг санъатининг усуллари кенг тарғиб қилинди. Жорий йилнинг 31 август-6 сентябрь кунлари Қирғизистонда ўтадиган “VI Бутунжаҳон кўчманчилар” ўйинларида ўзбек жанг санъати бўйича алоҳида мусобақа ташкил этилаётгани, ушбу семинар мазкур ўйинлардаги мусобақаларда қатнашадиган ҳакам ва мураббийларнинг касбий маҳоратини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир, – дейди Ўзбекистон жанг санъати федерацияси раиси Пўлат Усмонов.
Мураббийлар ва ҳакамлар учун ўтказилаётган мазкур семинар 31 июлга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА