Ўзбек-турк тиббиёт тарихи: Истанбулда қўшма форум ўтказилади
Мамлакатимизда буюк алломаларнинг илмий меросини чуқур ўрганиш, халқаро илмий-маърифий алоқаларни кенгайтириш ҳамда тиббиёт тарихи соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Тошкент шаҳрида Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси Нозимхон Маҳмудов Туркиянинг Бахчешехир университети тиббиёт тарихи ва этикаси кафедраси мудири, профессор Кодиржон Кескинбора билан учрашди.
Мулоқот давомида Ибн Сино фонди ва нуфузли турк университети ўртасида 2013 йилдан буён йўлга қўйилган самарали илмий ҳамкорлик натижалари таҳлил қилиниб, келгуси истиқболдаги режалар ҳар томонлама муҳокама қилинди.
Хусусан, 2027 йилда Фонд томонидан юртимизда ташкил этилиши режалаштирилаётган йирик халқаро илмий анжуманлар – Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Х Халқаро фармацевтика конференцияси ҳамда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган VI Халқаро халқ табобати конференциясида Бахчешехир университети раҳбарияти ва етакчи олимларининг иштироки юзасидан келишувларга эришилди.
Шунингдек, учрашувда Ибн Сино фонди томонидан 2027 йилда Истанбул шаҳрида Абу Али ибн Синонинг бой илмий меросига бағишланган махсус Ўзбек-Турк илмий форумини мазкур университет базасида ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Бундай тадбирлар икки қардош мамлакат илмий доиралари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Тадбир якунида туркиялик таниқли синошунос олим профессор Кодиржон Кескинборанинг тиббиёт тарихи ва илм-фан тараққиётига қўшган муносиб ҳиссаси юксак баҳоланиб, унга Ибн Сино жамоат фондининг нуфузли мукофоти, махсус сертификат ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
– Ибн Сино ва унинг жаҳон тиббиёти тараққиётига қўшган ҳиссаси чексиздир. Биз 2013 йилдан буён Ибн Сино жамоат фонди билан биргаликда кўплаб лойиҳаларни амалга ошириб келаётганимиздан фахрланамиз. Бугунги учрашувимизда келгуси йилларда амалга ошириладиган режаларни, хусусан, 2027 йилда Истанбулда ўтказилиши режалаштирилаётган Ўзбек-Турк илмий форумини муҳокама қилдик. Ишончим комилки, бу каби қўшма тадбирлар ёш тадқиқотчилар учун катта мактаб вазифасини ўтайди ҳамда алломанинг бой илмий меросини янада чуқурроқ ўрганишга хизмат қилади, – деди профессор Кодиржон Кескинбора.
Моҳигул Қосимова, ЎзА