Ўзбек тилини ривожлантириш йўлида
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўзбек тилини ривожлантириш бўйича Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти томонидан амалга оширилаётган ишларга бағишланган брифинг ўтказилди.
Унда давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 20 октябрдаги фармони, 2020 йил 19 октябрдаги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 мартдаги қарорларида ўзбек тилини янада ривожлантириш, унинг нуфузини ошириш бўйича Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтига юклатилган вазифалар ижроси тўғрисида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, юқоридаги ҳужжатлар ижроси юзасидан “Ўзбек тили синонимларининг катта изоҳли луғати”ни яратиш ва нашр этиш бўйича Фанлар академияси Ишчи-гуруҳи тузилди. Ҳозирги кунда мавжуд бўлган луғатларни ўрганиб, таҳрирлаб ҳамда бадиий асарлардан синонимларни ва унга оид мисолларни излаш давом этмоқда.
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”нинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги тўлдирилан янги нашри мазкур луғатнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги дастлабки нашри ҳисобланади. Ҳозирги кунга қадар луғатни тайёрлаш юзасидан қуйидаги ишлар амалга оширилди. Луғат янги имло қоидаларига мувофиқлаштирилди. Ушбу луғат учун янги лисоний материаллар заҳираси яратилди ва у филология фанлари доктори, профессор Н.Маҳмудов раҳбарлигидаги таҳрир ҳайъати аъзолари томонидан сараланди.
Тавсия қилинган беш мингдан ортиқ луғавий бирлик изоҳланиб, луғат таркибига киритилди. Шунингдек, луғат замонавий нашрлардан олинган кўплаб иллюстратив мисоллар билан ҳам бойитилди. Мазкур луғатнинг 1 минг 670 бетдан иборат 1-жилди нашрга тайёрланди. Ҳозирги вақтда унинг 2-жилди таҳрир қилиниб, нашрга тайёрланмоқда. Луғат тузувчилари томонидан 3-5-жилдларга киритилган янги луғавий бирликларни изоҳлаш ишлари давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги “UNICON.UZ” – Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази давлат унитар корхонаси томонидан нашрга тайёрланган “Сунъий интеллектга оид атамаларнинг ўзбекча-русча изоҳли луғати” институт тилшунос олимлари томонидан таҳрир қилиниб, тегишли тавсиялар “UNICON.UZ” ташкилотига тақдим этилди ва луғат қайта кўриб чиқилмоқда.
“Ўзбек тилининг ўқув имло луғати” ҳамда “Ўзбек тилининг катта имло луғати” нашрга тайёрланди. Ҳозирги кунда “Ўзбек тили синонимлари луғати” бўйича мавжуд бўлган луғатлар ўрганилиб, таҳрирланмоқда ҳамда бадиий асарлардан синонимларни ва унга оид мисолларни излаш давом этмоқда.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тайёрланган “Ахборот технологиялари атамаларининг изоҳли луғати” институт олимлари томонидан таҳрир қилинди. Ҳозирги кунда мазкур луғат нашр қилиниш арафасида.
“Тарих атамаларининг изоҳли луғати” Тарих институти билан ҳамкорликда, “Юридик атамаларнинг изоҳли луғати” эса Давлат ва ҳуқуқ институти билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Ҳар иккала луғат бўйича атамалар йиғилиб, уларнинг изоҳи ёзилмоқда. Мазкур луғатларни йил якунигача нашрга тайёрлаш режалаштирилган.
Тўрт жилдли “Алишер Навоий энциклопедияси”нинг 1-жилди таҳрир ишлари якунланиб, нашр этиш учун топширилди. Қолган жилдлари ҳам таҳрир қилинмоқда. Шу баробарида баъзи мақолалар билан тўлдирилмоқда. Энциклопедиянинг 2-жилдини таҳрир қилиш ва нашрга топшириш ишлари давом этмоқда.
“Алишер Навоий асарларининг изоҳли луғати” номли мавжуд луғатлар кўриб чиқилиб, 1-жилди нашр этилди, 2-жилди эса нашриётга топширилди. Кейинги жилдларини тўлдириб, мукаммаллаштирилмоқда. Ҳозирги кунда “Алишер Навоий асарларининг изоҳли луғати” III жилди нашр учун тайёрланиб, таҳрир ишлари давом эттирилмоқда.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунда институт олимлари томонидан “Антропоцентрик тилшунослик терминлари изоҳли луғати”ни тузиш ва нашр қилиш, яъни унинг веб-сайти ва мобиль иловасини яратиш инновацион лойиҳаси ҳам бажарилмоқда.
Юқоридаги ишларнинг амалга оширилиши мамлакатимизда она тилимизга берилаётган эътибор, уни ривожлантириш, мавқеини кўтариш йўлида қилинаётган амалий саъй-ҳаракатларга яққол мисол бўлади.
Н.Усмонова,
ЎзА