Ўзбек тили – давлат ва миллат тили
Навоий давлат педагогика институтида “Глобаллашув шароитида ўзбек тили нуфузини оширишнинг назарий ва амалий масалаларига янгича ёндашув: муаммо, ечим, истиқболлар” мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаёти ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Президентимизнинг 2020 йил 20 октябрда “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилиниб, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди.
Унда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш, таълим ташкилотларида давлат тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг илм-фан тили сифатидаги нуфузи, давлат тилининг софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳоли нутқ маданиятини ошириш, давлат тилининг замонавий ахборот технологиялари, коммуникацияларига фаол интеграциялашувини таъминлаш, мамлакатимизда яшовчи барча миллат ва элатлар тилларини ривожлантириш мақсадида кенг ва тенг имкониятлар, уларга давлат тилини ўрганиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор берилган.

– Тил – бой тарихимиз, қадриятларимиз, маънавиятимиз, халқимизга хос дунёқарашни кўрсатувчи кўзгу бўлиб, аждодлар меросини авлодларга етказувчи воситадир, – дейди Навоий давлат педагогика институти ректори Баҳодир Собиров. – Бу илмий-амалий анжуманда иштирокчилар томонидан қилинган маърузаларда ҳам концепцияда илгари сурилган йўналишларга алоҳида эътибор қаратилган. Конференция ташкилий қўмитасига келиб тушган 300 дан ортиқ мақолалар долзарблиги ва илмий янгилигига қараб саралаб олинди ва тўплам ҳолида чоп этилди.

Илмий-амалий анжуманда лингвистик география: лингвистик атласларнинг яратилиши, ўзбек тили лексикаси тараққиётида динамик омил, тил тараққиётида бадиий адабиётнинг ўрни, она тили таълимини ўқитишда замонавий ёндашувлар, тил тараққиётида тилшунослик мактабларининг ўрни каби мавзулардаги маърузалар тингланди.
Самарқанд, Қарши, Бухоро, Тошкент ва Термиз шаҳридаги олийгоҳлардан онлайн қатнашган конференция иштирокчилари навоийлик ҳамкасблари билан ўзбек тили нуфузини оширишнинг назарий ва амалий масалалари, тил ва маънавият: адабиёт, фалсафа, тарих, тил таълимига замонавий ёндашув каби масалаларда ўзаро фикр алмашди.
Абдували Бўриев, ЎзА