Ўзбек тили байрами арафасида янги китоблар тақдимоти ўтказилди
Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан учта муҳим китоб тақдимотига бағишланган маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда тўрт жилдлик «Алишер Навоий энциклопедияси», «Зариф сўз зиёрати» ҳамда «Ўзбек тили омонимлари луғати» китоблари кенг жамоатчиликка таништирилди.
Мазкур тадбир Маданият вазирлиги, Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда маданият ва санъат соҳаси вакиллари, тилшунос ва адабиётшунос олимлар, тадқиқотчилар, ижодкорлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси директори Азизжон Эминов сўзга чиқиб, давлат тилини илмий асосда ўрганиш, янги луғатлар ва қомусий нашрларни яратиш, миллий адабий меросимизни кенг тарғиб этиш борасидаги ташаббусларнинг аҳамиятини таъкидлади.
Шундан сўнг иштирокчилар эътиборига «Тил миллат кўзгуси, уни асрайлик» номли видеоролик намойиш этилди.

Китоблар тақдимотининг илмий-маърифий қисмида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Ўзбек тилшунослиги кафедраси мудири, филология фанлари доктори, профессор Зулхумор Холманова «Ўзбек тили омонимлари луғати»нинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамияти ҳақида маълумот берди. Луғатнинг ўзбек тили лексик бойлигини ўрганиш, сўзларнинг маъно хусусиятларини фарқлаш ҳамда улардан нутқда тўғри фойдаланишдаги ўрни алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг етакчи илмий ходими, филология фанлари доктори Зоҳида Муқимова эса тўрт жилдлик «Алишер Навоий энциклопедияси» ва «Зариф сўз зиёрати» китоблари хусусида сўз юритди. Ушбу нашрларнинг миллий адабий меросимизни чуқур ўрганиш, ўзбек тилининг бой имкониятларини кенг жамоатчиликка етказиш ва ёш авлоднинг маънавий дунёқарашини бойитишдаги аҳамияти таъкидланди.

Тадбирда «Ўзбекча сўйлаганим рост» номли видеоролик ҳам намойиш этилди.
Куннинг иккинчи қисмида эса Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан «Тил — миллат кўрки» деб номланган маънавий-маърифий концерт дастури ташкил этилди. Унда тўрт жилдлик «Алишер Навоий энциклопедияси», «Сўз сандиқчаси» ҳамда «Ўзбек тили омонимлари луғати» китоблари тақдимоти ҳам ўтказилди.
Концерт дастуридан она тилимизнинг жозибаси, миллий қадриятларимиз ва маънавий меросимизни тараннум этувчи мусиқий чиқишлар ўрин олди. Таъкидлаш жоизки, бундай китоб тақдимотлари янги илмий ва маърифий нашрларни кенг жамоатчиликка таништириш билан бирга, она тилимизнинг бой имкониятларини намоён этиш, миллий адабий меросимизни асраб-авайлаш ва уни келгуси авлодларга етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Назокат Усмонова, ЎзА