Ўзбек шоираси тақдирланди
Туркиянинг Газиантеп шаҳрида 5 - Халқаро адабиёт ва китоб фестивали ташкил этилди.
Унда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва бошқа туркий давлатлардан келган ёзувчи, шоир ва олимлар қатнашмоқда.

Туркий тилли мамлакатлар ижодкор зиёлилари қатнашаётган ушбу тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари — филология фанлари доктори, профессор Сувон Мели, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, шоира Хосият Рустамова ҳамда Бухоро давлат педагогика институти ректори Баҳодир Маъмиров, тарих фанлари доктори, профессор Дилноза Жамолова ҳам иштирок этмоқда.
Мазкур анжуманда туркий халқлар орасида адабий алоқалар мустаҳкамланишида қўшаётган ҳиссаси учун таниқли шоира Хосият Рустамова Arif Nihat Asya Şiir Ödülü (Ариф Ниҳат Ася шеърият мукофоти) мукофоти билан тақдирланди.
Шоиранинг шеърларида инсон қалбининг энг нозик ва изтиробли лаҳзалари ҳеч қандай бўёқларсиз, дардли ва ажабтовур тарзда самимий ифодаланади. У ижодни илоҳий вазифа сифатида англаган ҳолда, кўнгил кечинмаларини ростгўйлик билан тасвирлайди.

Унинг лирикасида тасаввуф фалсафаси (илоҳий ишқ, ички покланиш) ва миллий фольклор анъаналари замонавий поэтик тафаккур билан муваффақиятли уғунлашган. Хосият Рустамова шеъриятида табиат фақат манзара эмас, балки инсон руҳиятининг акси сифатида намоён бўлади. Унинг ижодида “экошеърият” элементлари кучли бўлиб, табиат образлари (дарахтлар, қушлар, ёмғир) орқали лирик қаҳрамоннинг ички дунёси очиб берилади.
Шоиранинг асарлари инглиз, озарбайжон, рус ва бошқа кўплаб тилларга таржима қилинган. Унинг "Рангли кўзёшлар" (Британия) ва "Мени юраклардан топ" (АҚШ) каби тўпламлари халқаро адабий ҳамжамиятда юксак баҳоланган.
Н.Усмонова, ЎзА