Ўзбек олимининг жаҳон кўрган китоби
Янги нашрлар
Буюк Навоийни жаҳонга танитиш учун ҳали жуда-жуда кўп иш қилиниши ‒ керак. Бунинг учун унинг асарлари кўп-кўп тилларга таржима қилиниши, хорижий юртларда навоийшунослик ривожланиши, ўзимизнинг навоийшуносларимиз сара-сара тадқиқотларини чет тилларда чиқариш ‒ зарур.
Бу уч йўналиш равнақи учун ҳам, аввало, ўзимиз ташаббускор бўлишимизга тўғри келади. Шундай қилиняпти ҳам.
Очиғини айтганда, Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди билан танишмоқчи бўлган инглиззабон ўқувчилар учун материал ‒ ниҳоят даражада кам. Ўтган йили Германия Федератив Республикасидаги “Лам Ламберт” (“LAM LAMBERT Academic Publishing”) нашриёти ўзбек навоийшуноси ‒ филология фанлари доктори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, Самарқанд давлат университети профессори Муслиҳиддин Муҳиддиновнинг “Хамса”ларнинг илк достонларида комил инсон концепцияси” монографиясини чиқарган эди.
Яқинда мазкур нашриёт шу олимимизнинг “Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёра” достони: анъана ва ўзига хослик” (“Alisher Navois Epik “Sabai sayyar” tradition and originality”) монографиясини ҳам инглиз тилида чоп этди. Уни ўзбекчадан Шоира Қутбиддинова таржима қилган.
“Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёра” достони: анъана ва ўзига хослик” монографияси муаллифнинг номзодлик диссертацияси эди. 1972 йили ёқланган бу иш қайта ишланди, унга кўп-кўп янгиликлар киритилиб, пухта-пишиқ ҳолга келтирилди.
Китоб “Муқаддима”, “Хулоса” ва “Фойдаланилган адабиётлар рўйхати”дан ташқари, тўрт мустақил бобдан ташкил топган. “Ўзбек мумтоз адабиёти тарихида “Баҳром ва Дилором” сюжети”, “Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёра” достони”, “Ғарибийнинг “Шоҳ Баҳром ва Дилором” достони”, “Сабъаи сайёра”нинг насрий варианти” ҳамда “Ҳафт пайкар” ‒ Огаҳий таржимасида” ўртага қўйилган анъана ва ўзига хослик (таждид) масаласи атрофлича ёритилган.
Монография адабиётшуносликдаги қиёсий-типологик йўналишнинг ёрқин намунаси ҳисобланади. Чунки “Сабъайи сайёра” Шарқ мумтоз адабиётидаги сайёр сюжет асосида битилган. Шунинг учун олим Навоий достонини Абулқосим Фирдавсий, Низомий Ганжавий, Саъдий Шерозий, Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий, Муҳаммад Авфий, Абдулло Хотифий, Муҳаммад Ризо Огаҳий асарларига қиёсан таҳлил этади.
Китобга ушбу сатрлар мукаллифи масъул муҳаррирлик, филология фанлар доктори Исроил Сулаймонов ҳамда филология фанлари номзоди, доцент Собиржон Тоҳиров тақризчилик қилган.
Умидимиз борки, бу нашр жаҳоннинг кўп тадқиқотчилари ҳамда инглиз тилини биладиган кенг ўқувчилар оммасининг Алишер Навоий ижодига қизиқишини янада оширади.
Султонмурод ОЛИМ,
филология фанлари номзоди, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.