“Ўзбек киносини аллақачон дунё тан олди” – Зулфиқор Мусоқов
Режиссёр фикри
Маънавиятни ҳам, ўзликни ҳам киносаноатидек тарихга муҳрлаб, тарғиб этувчи соҳа бўлмаса керак.
Президент Шавкат Мирзиёев 26 октябрь куни “Ўзбекфильм” киностудияси уйига ташриф буюриб, кинематография соҳаси ходимлари билан учрашди. Соҳада амалга оширилаётган ишлар ва келгуси режаларни муҳокама қилди.
– Ўзбек киносига тўқсонинчи йилларда қадам қўйганман. Бу даврда яхши асарлар ҳам яратилди, нисбатан сустроқлари ҳам бўлди, – дея фикр билдиради таниқли кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқов. – 1991 йилдан 2019 йилгача жами 51 та бадиий фильм суратга олинган экан. Бир пайтлар томидан сув ўтадиган, маблағ топиш учун хоналари ижарага бериладиган студиямиз бор эди. Ноиложликдан ўша қийин йилларда ҳам ишладик. Бугун эса ишонч билан айта оламан: ўзбек киноси аллақачон дунё миқёсига чиқди. “Ўзбекфильм”нинг ҳозирги биноларини кўринг, жуда гўзал ва барча шароитга эга. Президентимиз билан аввалги учрашувимизда бизга солиқлардан кенг имтиёзлар берилган эди. Бу жуда катта гап. Мана, бугун янада катта ислоҳотларга қадам қўйилмоқда.
Қайси соҳа бўлмасин, ёшларнинг билимга интилиши ва дунёқарашини ошириши тарафдориман. Орамизда тез ва осон шуҳрат қозониш, пул ишлаш учун келадиганлар ҳам учраб туради. Мен ҳар доим шогирдларимга: “Агар бу соҳага пул учун келган бўлсангиз, ҳозироқ қайтиб кетаверинг”, дейман. Бугун ўзимнинг ижодий мактабим бор. Дарҳақиқат, томошабинни алдаб бўлмайди. Яхши асарнинг асл баҳосини вақт белгилайди. Орадан бир-икки йил ўтгач, одамларда ўша фильмни қайта кўриш хоҳиши бор-йўқлиги билан ҳаммаси аён бўлади.
Миллийлик тарғиботи деганда, тўрт девор ичига кириб олиб, “биздан зўри йўқ”, дейиш ноўриндир. Бу борада олий меъёрни (ўрталикни) сақлай билиш муҳим аҳамиятга эга. “Мен унга ёки бунга ўхшатаман”, деб ўз миллийлигини йўқотиб қўйиш ҳам ярамайди. Устоз Мелис Абзалов доим айтардилар: “Миллийликни ифодалаш учун одамнинг миясида, қонида “зира ҳиди” бўлиши керак”. Энг муҳими , ўз касбига фидойи бўлишдир.
Видеоси қуйида
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (видео),
ЎзА