Ўзбек – Хитой ҳамкорлиги янада мустаҳкамланмоқда
Хитой Халқ Республикасининг Ланчжоу партия қўмитаси котиби, Гансу провинцияси доимий партия қўмитаси аъзоси жаноб Чжан Сяоцян бошчилигидаги делегация аъзолари билан ўтган учрашувда вилоят ҳокими Эргаш Салиев Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик муносабатлари, сўнгги йиллардаги олий даражадаги ташрифлар ва уларнинг ижобий натижалари, вилоят салоҳияти тўғрисида гапириб берди.
Жумладан, Эргаш Салиев, икки давлат раҳбарлари томонидан яратилаётган имкониятлар, мавжуд имтиёзлар, вилоятнинг асосий драйверлари, эркин иқтисодий зоналар ҳамда Жиззах воҳасида қайси йўналишларда инвестициялар жалб қилиш мумкинлиги тўғрисида ҳам айтиб ўтди.

Вилоят салоҳияти акс этган видеоролик хорижлик меҳмонларда чуқур таассурот қолдирди.

Чжан Сяоцян делегациясининг вилоятга ташриф буюришдан кўзланган асосий мақсади Жиззах вилояти ва Гансу провинцияси ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва ҳамкорликдаги ишларни кучайтириш эканлигини билдирди.

, Хитой Халқ Республикасидан ташриф буюрган меҳмонлар Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов музейи, Киберспорт аренаси, “Sambhram” ва Қозон федерал университети Жиззах филиали ҳамда Жиззах эркин иқтисодий зонасидаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишди.

Хитойлик меҳмонлар вилоятдаги инвесторларга яратилган имкониятларга юқори баҳо берди ва саноат зоналарида истиқболли лойиҳалар амалга ошириш бўйича келишувларга эришди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари