Ўзбек футболи юлдузлари – Фарғонада
Фарғона вилоятида ўзбек футболининг 110 йиллиги муносабати билан катта футбол байрами бўлиб ўтмоқда. Байрам доирасида вилоят ҳокимлигида Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят секторлари раҳбарлари, ЎФА вице-президенти Одил Аҳмедов, Биродар Абдураимов, Тўлаган Исоқов ва бошқа ўзбек футболининг фахрий юлдузлари, футбол жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.

Мулоқот чоғида Фарғона вилоятида футбол ривожи йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳамда келгуси режалар муҳокама қилинди. Фарғона футболисиз ўзбек футболини тасаввур қилиб бўлмаслиги, 1994 йилда Японияда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида ғолиб бўлган терма жамоамиз сафида ҳам 7 нафар фарғоналик футболчилар тўп сургани тилга олинди.
Вилоятда футбол инфратузилмасини янада яхшилаш, профессионал ва оммавий футболни ривожлантириш, “Нефтчи” жамоасининг аввалги мавқейини тиклаш йўлидаги ишларни алоҳида эътироф этган Равшан Эрматов яқин даврда Фарғона шаҳридаги янгиланган “Истиқлол” ўйингоҳи нуфузли халқаро ўйинларга ҳам мезбонлик қилиши кўзда тутилаётганини маълум қилди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров футболни оммалаштириш мақсадида ҳар бир шаҳар ва туманда футбол клублари ташкил этилаётгани, Фарғона футбол мактаблари учун ягона футбол методикасини татбиқ этиш учун хорижлик мутахассис жалб этиш устида иш олиб борилаётгани, “Нефтчи” футбол академиясини Ўзбекистонда энг кучли футбол академияларидан бирига айлантириш режалари ҳақида сўз юритди.
Тадбир якунида Хайрулло Бозоровга “Ўзбекистон футболи ривожига қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони топширилди.

Ўзбек футболининг 110 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган асосий тадбирлар “Истиқлол” ўйингоҳида давом этмоқда. Ўзбекистон ва Фарғона вилояти фахрийлар терма жамоалари Қирғизистон ва Тожикистон фахрийлар терма жамоаларига қарши бир таймлик учрашувларда майдонга чиқади. Ўйинлар оралиғида мухлислар ва меҳмонлар эътиборига катта концерт дастури намойиш этилади.
М. Сулаймонов, ЎзА