"Ўзатом" ва "Росатом" техник академияси кадрлар тайёрлаш бўйича келишув имзолади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги ва "Росатом" техник академияси ўртасида ядро тиббиёти ҳамда унга турдош йўналишларда ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги келишув имзоланди.
Ҳужжатга "Росатом" техник академияси ректори Юрий Селезнёв ва "Ўзатом" агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев имзо чекди.
Мазкур келишув Ўзбекистонда ядро тиббиёти миллий инфратузилмасини ривожлантириш, соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, мутахассисларнинг малакасини мунтазам ошириш ҳамда илмий-техник ахборот алмашинувини тизимли йўлга қўйишга қаратилган.
Ҳамкорлик доирасида ишлаб чиқиладиган таълим дастурлари ҳар икки мамлакатнинг миллий эҳтиёжлари ва илғор халқаро тажрибасини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилади. Шу билан бирга, тиббий мақсаддаги изотопларни ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш, радионуклид диагностикаси ва терапияси, тераностика, нур терапияси, радиофармпрепаратларни яратиш, ишлаб чиқариш ва клиник амалиётга жорий этиш, ҳамда радиация хавфсизлиги каби устувор йўналишларни қамраб олади.
"Росатом" техник академияси ректори Юрий Селезнёвнинг таъкидлашича, академия ядро технологиялари ва уларни энергетикадан ташқари соҳаларда қўллаш бўйича катта тажриба ҳамда ноёб компетенцияларга эга.
– Ўзбекистонда ядро тиббиётини ривожлантириш учун катта салоҳият мавжуд. Биз халқаро стандартларга жавоб берадиган, энг замонавий технологиялар билан ишлай оладиган юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш учун ўзимизнинг таълим ва илмий-услубий салоҳиятимизни тақдим этишга тайёрмиз, – деди Юрий Селезнёв.
"Ўзатом" агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаевнинг таъкидлашича, ядро тиббиётини ривожлантириш Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
– 2026 йил февраль ойида "Росатом" давлат корпорацияси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасида ядро тиббиётини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ишлари бошланган эди. Бугунги кунда мазкур ҳужжатни тайёрлаш ишлари якуний босқичга етди. Стратегия кадрлар салоҳиятини ривожлантириш, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда соҳанинг миллий инфратузилмасини мустаҳкамлашни назарда тутади.
Техник академия билан имзоланган ушбу келишув ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаш ва белгиланган вазифаларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқаришда муҳим қадам бўлади. Бу нафақат таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, балки ядро тиббиёти соҳасида фаолият юритувчи шифокорлар, тиббий физиклар, радиокимёгарлар, радиофармацевтлар ҳамда муҳандис-техник ходимларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг яхлит тизимини шакллантиришга ҳам хизмат қилади, – деди Азим Аҳмедхўжаев.
Эслатиб ўтамиз, мазкур келишув Россия Федерациясининг Обнинск шаҳрида бўлиб ўтган “Обнинск NEW” халқаро атом соҳаси ёшлари форуми доирасида имзоланди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА