“Ўзатом” агентлиги халқаро эътирофга сазовор бўлди
Халқаро стандартлар, самарали назорат ва юксак масъулият “Ўзатом” агентлиги фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, агентлик коррупцияга қарши курашиш бўйича ISO 37001:2025 халқаро стандарти талабларига мувофиқлик сертификатини қўлга киритди.
Ушбу натижа ташкилотда коррупциявий хавфларни аниқлаш ва бартараф этиш, ички назорат механизмларини такомиллаштириш ҳамда бошқарув жараёнларида очиқликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини кўрсатади.
Стандартни жорий этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 мартдаги 124-сон қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилди. “CERT International” халқаро сертификатлаштириш органи аудиторлари томонидан жорий йилнинг июль ва октябрь ойларида ўтказилган аудитлар натижасида мазкур ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими халқаро стандарт талабларига тўлиқ мувофиқ экани тасдиқланди.

Сертификатни топшириш маросимида “Ўзатом” агентлиги директори ўринбосари Нозим Муксинов, “CERT International” ташкилоти директори Риад Ибрагимов ва бошқалар сўзга чиқиб, ҳалоллик ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни агентлик фаолиятининг барча босқичларида таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.
Қайд этилишича, халқаро стандартларга мувофиқ иш юритиш белгиланган талабларга риоя қилиш билан бир қаторда, ходимларнинг масъулиятини ошириш, ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлаш ва коррупциянинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришни ҳам назарда тутади.
Маросим доирасида агентликнинг ички коррупцияга қарши назорат бўлинмаси ходимларига “CERT Academy”нинг ISO 37001:2025 стандарти бўйича менежер ва ички аудиторларни тайёрлаш дастурини муваффақиятли якунлаганлик сертификатлари ҳам топширилди. Бу қадам мутахассисларнинг касбий билим ва кўникмаларини ошириш, шунингдек, ички назорат тизимини янада ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли.

Коррупцияга қарши самарали тизимни шакллантириш фақат ички қоидаларни белгилаш билан чекланмайди. Бу жараён ходимларнинг малакасини ошириш, коррупциявий хавфларни мунтазам баҳолаш, назорат механизмларини такомиллаштириш ва ташкилотда ҳалоллик маданиятини қарор топтиришни талаб этади.
Тадбир якунида таъкидланганидек, ISO 37001:2025 халқаро стандартининг жорий этилиши “Ўзатом” агентлигида коррупцияга қарши курашиш механизмларини мустаҳкамлаш ва бошқарув самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Ушбу натижа агентликнинг очиқлик, ҳалоллик ва масъулият тамойилларига содиқлигини намоён этиб, соҳада ишончли ва шаффоф фаолият юритиш учун мустаҳкам замин яратади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА