Ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Шу кунларда Навоий вилояти ҳокимининг ташаббуси билан бир гуруҳ раҳбар ва шифокорлар Беларусь Республикасининг Витебск вилоятида хизмат сафарида бўлиб турибди.
Жумладан, Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази Навоий филиали директори Вали Тўрақулов ҳамда директор ўринбосари Жавлонбек Бердиқулов Антонова номли Витебск тиббиёт коллежига ташриф буюрди.


Вали Тўрақуловнинг телефон орқали хабар қилишича, ташриф давомида Витебск тиббиёт коллежининг тузилиши, ўқув дастурлари, амалиёт жараёнларининг олиб борилиши, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, тиббий бригада дояларини ўқитилишида Беларусь тажрибаси ўрганилди. Шунингдек, ҳамширалар тайёрлаш, академик мобиллик, янги ўқув дастурлар алмашинуви, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида музокара олиб борилди.
Ташриф сўнггида икки томонлама халқаро меморандум имзоланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири