Ўзаро ҳамкорлик алоқалари янада кенгаяди
Сурхондарё вилояти ва Россия Федерацияси ҳудудлари билан ташқи савдо алоқаларини ривожлантириш, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини намойиш этиш, инвестиция ва туризмга оид тақдимотлар ўтказиш учун ушбу мамлакатга жўнаб кетган вилоят ҳокими Тўра Боболов Қозон шаҳрида Татаристон Республикаси Президенти Рустам Минниханов билан учрашди.
Бу ҳақда Россия Федерациясидан ЎзАга хабар қилган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, учрашув доирасида кенгайтирилган тарзда музокаралар ўтказилиб, Татаристон Республикаси ва Сурхондарё вилояти ўртасида ташқи савдо алоқаларини ривожлантириш, иқтисодий, инвестициявий ва туризм соҳаларида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилган.

Музокаралар чоғида Татаристон ва Сурхондарё вилояти корхоналари ўртасидаги ўзаро алоқалар, товар ва хизматларни етказиб беришни кенгайтириш ҳамда гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган. Рустам Минниханов Татаристон Сурхондарё вилояти билан ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини, сўнгги йилларда ўзбекистонликлар билан алоқалар фаол ривожланиб, ўтган йилги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 200 миллион долларни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярмида мазкур кўрсаткич 34 фоизга ўсганини таъкидлаган.

Сурхондарё вилояти делегациясининг Қозон шаҳрига сафари чоғида Татаристон Республикасининг савдо-саноат палатасида ишбилармон доира вакиллари билан учрашув, Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазирлигида масъуллар билан музокаралар ўтказиш, Татаристоннинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти тақдимоти бўлиб ўтадиган Ягона тақдимот маркази, юқори технологиялар соҳасидаги технопарк – ITпарк, шунингдек, Қозон федерал университети билан яқиндан танишиш ҳам режалаштирилган.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири