Озарбайжон санъатининг ёрқин намояндаси Насиба Зейналованинг 110 йиллигига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди
Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида Озарбайжоннинг таниқли театр ва кино актрисаси, миллий саҳна санъатининг ёрқин намояндаси Насиба Зейналованинг 110 йиллик юбилейига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, ундан кўзланган асосий мақсад буюк санъаткорнинг бой ижодий меросини ёд этиш, унинг миллий театр ва кино санъати ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини эътироф этиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, биродарлик ва маданий ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашдан иборат.
Тантанали тадбир икки халқнинг муштарак маънавий қадриятлари, бой маданий мероси ва санъатга бўлган юксак эҳтиромини намоён этувчи муҳим маданий воқеа сифатида аҳамият касб этди. Унда Насиба Зейналованинг серқирра ижоди, саҳнадаги бетакрор маҳорати, ўзига хос ижро услуби ҳамда Озарбайжон театр санъати тараққиётида тутган алоҳида ўрнига эътибор қаратилмоқда.
Насиба Зейналова ўзининг кўп йиллик ижодий фаолияти давомида томошабинлар меҳрини қозонган, миллий театр санъатининг ўзига хос анъаналарини бойитган ва ўзидан муносиб ижодий мерос қолдирган санъаткорлардан бири ҳисобланади. Унинг образларидаги самимият, ҳаётийлик, нозик юмор ва юксак актёрлик маҳорати санъат ихлосмандлари қалбидан чуқур жой олган. Санъаткорнинг ижодий мероси бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган ҳолда, янги авлод актёрлари ва санъат мухлислари учун муҳим маънавий бойлик бўлиб хизмат қилмоқда.
Тадбир доирасида буюк санъаткорнинг ҳаёти ва ижодий йўли, унинг Озарбайжон маданияти ривожига қўшган ҳиссасини кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда икки мамлакат санъат намояндалари ўртасидаги ижодий мулоқотни ривожлантириш борасида батафсил сўз юритилди. Насиба Зейналова қардош халқнинг театр ва кино соҳасида кўплаб такрорланмас роллар яратгани диққатга сазовор. Айниқса санъаткорнинг “Қайнона” фильмидаги бош роли – қайнона роли халқимизнинг қалбидан ўрин олган.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик халқларимизни бир-бирига янада яқинлаштиришда муҳим ўрин тутади. Бундай маданий тадбирлар орқали ҳар икки халқнинг миллий санъати, адабиёти, театри ва киноси намуналари кенг тарғиб қилиниб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик анъаналари мустаҳкамланади.
Муқимий театрида ўтказилаётган мазкур юбилей тадбири ҳам санъатнинг миллат ва чегара танламаслигини, маданият эса халқларни бирлаштирувчи муҳим кўприк эканини яна бир бор намоён этмоқда.
Насиба Зейналованинг 110 йиллигига бағишланган ушбу тадбир нафақат буюк санъаткор хотирасига эҳтиром, балки Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, муштарак маданий қадриятларни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш йўлидаги муҳим қадамдир.
Н.Усмонова, ЎзА