Озарбайжон Президенти Янги Тошкент лойиҳаси билан танишди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекциясига ташриф буюрдилар.
Бу ерда Озарбайжон етакчисига Янги Тошкент бош режаси, қурилиш ишларининг бориши, шаҳарнинг транспорт ва муҳандислик инфратузилмаси ҳамда истиқболдаги ривожланиш режалари ҳақида тақдимот қилинди.

Янги Тошкент 20 минг гектар майдонда барпо этилиб, истиқболда 2 миллион аҳоли яшаши учун мўлжалланган. 2034 йилга қадар бу ерда 200 мингта хонадон қурилиши режалаштирилган.

Лойиҳанинг 6 минг гектарни қамраб олган биринчи босқичида замонавий турар жойлар, ижтимоий ва бизнес объектлари, таълим ва маданият масканлари бунёд этилмоқда. Хусусан, “Янги Ўзбекистон” университети, Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ва бошқа олий таълим муассасаларининг кампуслари қурилмоқда.
Шаҳарни барпо этишда замонавий урбанистика, “яшил шаҳар” ва энергия самарадорлиги тамойилларига устувор аҳамият қаратилган. Муҳандислик коммуникацияларини ер остида жойлаштириш, энергия тежамкор технологиялардан фойдаланиш, кенг яшил ҳудудлар ва жамоат маконларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Транспорт инфратузилмаси ҳам янги шаҳарнинг муҳим таркибий қисми бўлади. Янги кўприклар, метро линияси, пиёдалар ва велосипед йўлаклари Янги Тошкентни пойтахтнинг мавжуд ҳудудлари билан узвий боғлайди.

Шунингдек, шаҳарда давлат идоралари, илмий ва маданий марказлар, меҳмонхоналар, сервис ҳамда бизнес мажмуалари барпо этилади. Лойиҳага маҳаллий ва хорижий инвесторлар кенг жалб қилинмоқда.

Президент Илҳом Алиевга Янги Тошкентнинг макети ва режалаштирилаётган йирик объектлар ҳақида маълумот берилди.
