Озарбайжон Грузия билан темир йўл қатновини қайта тиклайди (+видео)
Озарбайжон пандемиядан кейин илк бор Грузия билан темир йўл алоқасини қайта йўлга қўймоқда. 26 майдан бошлаб Озарбайжон ва Грузия ўртасида йўловчи поезд қатнови тикланади, деб хабар берди ВВС нашри.
Озарбайжон ҳали ҳам дунёда қуруқлик чегараларини коронавирусга қарши чора сифатида ёпиқ сақлаб келаётган ягона давлат ҳисобланади.
Чегараларнинг ёпиқлиги айниқса Грузияда яшовчи озарбайжонларга қийинчилик туғдирган. Улар кўп йиллар давомида яқинларини кўра олмаган. Гарчи, ҳаво қатнови бўлсада, чипталар нархининг қимматлиги сабаб кўпчилик ундан фойдалана олмаган.
Таъкидланишича, Грузиядаги озарбайжонлар, депутатлар, иқтисодчилар ва мухолифат бир неча йилдан бери Грузия учун истисно қилишни сўраб келган.
Бу қарор Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзенинг Озарбайжонга ташрифи натижасида қабул қилинди. Томонлар 2026 йил 26 майдан бошлаб Боку–Тбилиси–Боку йўналишида ҳар кунлик йўловчи поезд қатновини қайта тиклашга келишиб олди.
2020 йил март ойида бошланган пандемиядан кейин Озарбайжон бошқа кўп давлатлар каби қуруқлик чегараларини ёпган эди. Аммо, бу чеклов ҳозиргача бекор қилинмаган. Президент Илҳом Алиев бир неча бор чегаралар миллий хавфсизлик сабаблари туфайли ёпиқ қолишини таъкидлаган.
Нега айнан Грузияга истисно берилди? Чунки, Грузия озарбайжонликлар учун энг яқин ва қулай саёҳат йўналишларидан бири ҳисобланади. Грузияда яшовчи озарбайжонлар учун эса қуруқлик йўналиши яқинлар билан учрашишнинг асосий йўли бўлган.
Чегараларнинг ёпиқлиги уларнинг даромадига ҳам жиддий таъсир қилган, чунки кўплари кичик савдо, такси хизмати ёки саёҳатчиларга хизмат кўрсатиш орқали тирикчилик қилган.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/sAn6Hi2XTE4" title="Ozarbayjon Gruziya bilan temir yo‘l qatnovini qayta tiklaydi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Салимжон Обиджонов (видео), ЎзА