Овул аҳлига байрам туҳфаси
Мамлакатимизнинг олис қишлоқ ва овулларида истиқомат қилаётган аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизнинг олис қишлоқ ва овулларида истиқомат қилаётган аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.Президентимизнинг 2008 йил 12 июнда қабул қилинган “Қишлоқ туманлари ва шаҳарлари аҳолисини сифатли ичимлик сув билан таъминлашни янада яхшилаш ва табиий газдан тежамли фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллик байрамига қизғин тараддуд кўрилаётган шу кунларда Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманининг Порлитов овулидаги 355 хонадоннинг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.
– 30 миллион сўмлик лойиҳа асосида 1,2 километр сув тармоғи реконструкция қилинди, – дейди туман сув тармоқлари корхонаси раҳбари Жўлдас Нуруллаев. – Замонавий полиэтилен қувурларининг ётқизилгани сув тармоқларидан фойдаланиш муддатини сезиларли даражада оширади.
– Илгари сув танқислигидан қийналардик, – дейди уй бекаси Ойжамол Тўремуратова. – Энди ҳар бир хонадонга тоза ичимлик суви етиб борди. Бу биз учун катта байрам туҳфаси бўлди. Чекка ҳудудларда ҳам замонавий шароитлар яратишга қаратилаётган улкан эътибор учун давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз.
Айни пайтда туман марказида шу йўналишда 243,7 миллион сўмлик яна бир лойиҳа амалга оширилмоқда.