ОТМ фаолияти лицензияланади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим ташкилотларининг таълим фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим ташкилотларининг таълим фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Унга кўра, янги ташкил этилаётган маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари, маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларининг ўзаро келишуви доирасида амалга оширилаётган қўшма таълим дастурлари ва қўшма факультетлар фаолиятини тартибга солиш, уларда замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлашга шароит яратилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йилнинг 1 августидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бошқа давлатларнинг олий таълим муассасаларига Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида таълим фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи рухсатномалар бериш ваколатини бекор қилиш ва олий таълим фаолиятини лицензия асосида амалга ошириш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.
Қуйидагиларнинг таълим фаолияти мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар лицензияланади:
Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан ташкил этилган маҳаллий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, жумладан давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро битимлар асосида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида фаолият олиб бораётган Ўзбекистон Республикасининг олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари;
Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорликда ташкил этилган олий таълим ташкилотлари, хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари;
маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларининг ўзаро келишуви доирасида амалга оширилаётган қўшма таълим дастурлари ва факультетлар;
Олий таълим фаолиятига лицензия маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотлари, ҳамкорликда ташкил этилган олий таълим ташкилотлари, уларнинг филиаллари ва уларда ташкил этилган қўшма таълим дастурлари ва факультетлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар олий таълим фаолиятини амалга ошириш учун белгиланган лицензия талаблари ва шартларига тўла мувофиқ бўлганда, уларнинг ўқув режалари ва дастурлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ижобий хулосаси мавжуд бўлганда Давлат инспекцияси томонидан берилади.
Олий таълим ташкилотлари ва қўшма факультетлар лицензия олган пайтдан бошлаб 5 йил муддатга, тиббиёт олий таълим ташкилотлари 6 йил муддатга давлат аккредитациясидан ўтган ҳисобланади.
Таълим фаолияти Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан экспертизадан ўтказилган таълим дастурлари асосида ташкил этилган олий таълим ташкилотлари ва қўшма факультетларнинг битирувчиларига Ўзбекистон Республикасининг давлат намунасидаги олий маълумот тўғрисидаги ҳужжати берилади.
Қуйидагилар:
рўйхати Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Давлат инспекциясининг қўшма қарори билан тасдиқланадиган халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг рейтингида олий таълим муассасалари орасида биринчи 1 000 таликка охирги уч йилда камида бир марта кирган;
Олий таълимда сифатни кафолатлаш Европа ассоциациясининг (European Association for Quality Assurance in Нigher Education) тўлақонли аъзолари – ваколатли ташкилотлар томонидан аккредитация қилинган;
Америка Қўшма Штатлари, Австралия Иттифоқи, Исроил Давлати, Канада, Сингапур Республикаси, Корея Республикаси, Япония давлатларининг ушбу давлатлар ваколатли ташкилотлари томонидан аккредитация қилинган хорижий олий таълим ташкилотлари билан қўшма таълим дастурлари ва факультетлар ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:
бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларининг ўзаро келишуви доирасида амалга оширилаётган қўшма таълим дастурлари
ва факультетларнинг ташкил этилишига асос бўлган битимлар, келишувлар ва меморандумларни инвентаризациядан ўтказган ҳолда қўшма таълим дастурлари ва факультетлар ташкил этиш тўғрисидаги намунавий битим лойиҳасини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
икки ой муддатда хорижий олий таълим ташкилотлари ва қўшма факультетларнинг ўқув режалари ва дастурлари, хориждан келтириладиган дарсликлар, ўқув ва ўқув-услубий қўлланмалар, шунингдек бошқа ўқув адабиётларини экспертизадан ўтказсин ҳамда уларнинг қўлланишига доир хулосалар ишлаб чиқади;
2020 йил 1 сентябрга қадар ҳамкор хорижий олий таълим муассасалари билан музокаралар ўтказиш орқали хорижий олий таълим ташкилотлари ва қўшма факультетларда таълим олиш учун белгиланган тўлов-шартнома миқдорини мақбуллаштириш чораларини кўрилади.