«Ўткан кунлар» романи форс тилида нашр этилди
Ўзбек адабиётининг шоҳ асари "Ўткан кунлар" энди форс тилида ҳам сўзлайди. Абдулла Қодирий уй-музейида бўлиб ўтган тақдимот икки халқ маданий кўпригини мустаҳкамлади.
Вақт синовидан ўтиб, авлодлар қалбидан муносиб ўрин эгаллаган ушбу роман нафақат ўзбек адабиётининг шоҳ асари, балки миллий ўзлигимизни, тарихимиз ва маънавий дунёмизни намоён этувчи бебаҳо адабий меросдир.
Эндиликда мазкур асар форс тилида ҳам китобхонлар эътиборига ҳавола этилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати маълумотига кўра, Абдулла Қодирий уй-музейида «Ўткан кунлар» романининг форс тилида нашр этилгани муносабати билан тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистондаги Эрон Ислом Республикаси элчихонаси вакиллари, атоқли адиб авлодлари, адабиётшунослар ҳамда китобхонлар иштирок этди. Шунингдек, китобни нашрга тайёрлаган “Теҳрон китоб боғи” маданий-маърифий мажмуаси вакиллари ҳам тадбирда онлайн тарзда қатнашди.
Роман ўзбек тилидан форс тилига таниқли таржимон, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Юнус Имомназар томонидан таржима қилинган. Тақдимот давомида сўзга чиққан Хондамир Қодирий буюк адибнинг ҳаёти ва ижодий мероси, «Ўткан кунлар» романининг ўзбек адабиёти тарихида тутган ўрни ва бадиий аҳамияти ҳақида фикр билдирди.
Ўзбекистондаги Эрон Ислом Республикаси элчихонаси маслаҳатчиси Ҳасан Сафархоний романнинг юксак бадиий қиммати, шунингдек, унинг икки халқ ўртасидаги маданий яқинликни мустаҳкамлашдаги аҳамиятига алоҳида тўхталди.
— «Ўткан кунлар» қалбдан, самимият билан ёзилган асар. Шу боис у йиллар давомида китобхонлар севиб мутолаа қиладиган асарлардан бири бўлиб келмоқда. Ўзбек халқининг маданияти ва маънавияти билан яқиндан танишишда ушбу романнинг аҳамияти беқиёс. Ишонаманки, «Ўткан кунлар» Эрон китобхонлари қалбидан ҳам муносиб ўрин эгаллайди, — деди Ҳасан Сафархоний.
“Теҳрон китоб боғи” маданий-маърифий мажмуаси вакили Деҳқоний ҳам мазкур нашрнинг аҳамияти ҳақида сўз юритиб, эронлик китобхонларнинг ўзбек замонавий адабиёти билан танишуви Абдулла Қодирий ижодидан бошланаётгани ўзига хос рамзий маъно касб этишини таъкидлади.

Таржимон Юнус Имомназар романни форс тилига ўгириш жараёни ҳақида ҳам маълумот берди. Унинг таъкидлашича, асарни таржима қилиш таклифи икки йил аввал билдирилган. Таржимага тайёргарлик ишлари муайян вақтни талаб қилган бўлса, бевосита таржима жараёни беш ой давом этган. “Теҳрон китоб боғи” маданий-маърифий мажмуасининг лойиҳага қизиқиш билдиргани эса романнинг форс тилидаги нашрини амалга оширишда муҳим омил бўлган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Халқаро алоқалар ва бадиий таржима бўлими бош мутахассиси Рисолат Ҳайдарова ҳам романнинг форс тилида чоп этилишини ўзбек адабиётини хорижда тарғиб қилиш йўлидаги муҳим қадам сифатида эътироф этди.
Таъкидлаш жоизки, «Ўткан кунлар» романининг форс тилида нашр этилиши Абдулла Қодирий ижодини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, ўзбек адабиётининг жаҳон адабий маконидаги мавқеини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ўзбек ва эрон халқлари ўртасидаги тарихий маданий алоқаларни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам.
Н.Усмонова,
ЎзА