ОТБ президенти: Сифатли инвестиция ишонч бор жойга келади
Самарқанд шаҳри шу кунларда халқаро иқтисодий мулоқот ва инвестиция масалалари муҳокама қилинаётган йирик майдонга айланган. Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Бошқарувчилар кенгаши 59-йиллик йиғилиши доирасида ўтказилаётган тадбирларда турли мамлакатлардан келган ҳукумат вакиллари, инвесторлар, халқаро ташкилотлар мутахассислари ҳамда экспертлар қатнашмоқда. Иштирокчилар эътибори эса асосан Марказий Осиёга сифатли ва барқарор тўғридан-тўғри хорижий сармоя жалб қилиш, капитал бозорини ривожлантириш ва инвестиция муҳитини такомиллаштиришга қаратилган.
Масалан, минтақага йўналтирилаётган хорижий инвестицияни рағбатлантириш мавзуси кўтарилган йиғилишда ОТБ президенти Масато Канда жаҳон иқтисодиётида вазият тобора мураккаблашаётганини яна бир бор такрорлади. Унинг фикрича, халқаро савдодаги ноаниқлик сақланиб қолмоқда, Яқин Шарқ можароси эса геосиёсий хатарни кучайтириб, таъминот занжирига босим ўтказмоқда.

– Ҳозирги шароит ўзгарувчан, узоққа чўзилиши эҳтимоли мавжуд узилиш иқтисодий фаолликка сезиларли салбий таъсир кўрсатиши мумкин, – деди у. Шундай мураккаб даврга минтақа нисбатан мустаҳкам мавқени эгаллаган ҳолда кириб келяпти. Айни вазиятда бевосита хорижий инвестиция инфратузилмадаги бўшлиқни тўлдириш, энергетика қайта тикланишини жадаллаштириш ва рақамли тараққиётни рағбатлантиришда муҳим омилдир. Табиийки, бундай ҳолатда капиталнинг ўзи етарли эмас. Маълумки, сифатли ва барқарор сармоя фақат ишонч ҳукмрон муҳитгагина йўналтирилади. Ишонч эса аниқ сиёсат, мустаҳкам институтлар ва адолатли, барқарор қоидага таянади.
Жаноб Канда Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларни алоҳида эътироф этиб, инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги амалий қадамларни юқори баҳолади. Жумладан, халқаро тижорат арбитражи тўғрисида қонун қабул қилиниши, суд-ҳуқуқ тизими салоҳиятини ошириш ва бизнес муҳитини такомиллаштириш муҳим ютуқлар сифатида қайд этилди.

– Тўғридан-тўғри инвестиция аввало ишончга асосланади, – дея сўзини давом эттирди ОТБ раҳбари. – Шартнома бажарилиши, низо холисона ҳал этилиши ва қарор ижроси таъминланишига ишонч бўлиши шарт. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти билан бирга ишлаб чиқилган Ўзбекистоннинг барқарор инвестиция сиёсати ислоҳотлари бўйича “Йўл харитаси” рақобатни кучайтириш, сармоя ҳаракатини енгиллаштириш ва масъулиятли бизнес юритишни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, мамлакатда Тошкент халқаро молиявий маркази ташкил этиш ташаббуси халқаро тажрибага таянган ҳолда инвесторлар ишончини янада мустаҳкамлаш мақсадини кўзлаши таъкидланди.
Банк етакчиси минтақавий ҳамкорлик масаласига ҳам тўхталиб, геосиёсий беқарорлик шароитида ҳеч бир давлат бундай вазифани мустақил ҳал эта олмаслигини қуйидаги мазмунда ифодалади:
– Ҳеч бир мамлакат бундай мақсадларга ёлғиз эриша олмайди. Кучли минтақавий ҳамкорлик бугунги куннинг энг муҳим талабидир. Марказий Осиё минтақавий ҳамкорлик дастури ёрдамида амалга ошираётган ташаббуслар трансчегаравий савдо ва инвестиция кўламини сезиларли даражада кенгайтирмоқда.
Якунда Масато Канда инвестиция мазмунига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади:
– Инвестиция фақат молия эмас, балки янги иш ўринлари, ривожланаётган бизнес ва яхшиланган ҳаёт сифати, демакдир.
Хуллас, Самарқандда ўтаётган анжуман нафақат минтақавий, балки глобал иқтисодий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинаётган муҳим платформа сифатида эътибор марказида турибди.
Мусулмон Зиё,
ЎзА