Оташин шеърият соҳибаси
Ёниқ, оташ, дилкаш сўз айтмоқлик, элнинг юз-кўзи бўлмоқлик осон эмас. Шоир ижодида унинг изтиробли, оловли қалби яққол кўриниб туради. Шеърият мухлиси борки, бари атоқли шоира Фарида Афрўз ижодининг ашаддий ихлосмандидир. Унинг кўплаб шеърлари дилбар қўшиқларга айланган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таниқли шоира, "Дўстлик" ордени, "Шуҳрат" медали соҳибаси Фарида Афрўз ижодига бағишланган матбуот анжумани ҳамда муаллифнинг тўрт жилдлик "Сайланма" китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Адабий кеча шеърият, санъат, китобхонлик, маърифат, гуллар байрами сифатида жуда баланд руҳда ўтказилди.
Шеърларини элимиз севиб ўқийдиган Фарида Афрўз ижоди дил изтироби, оловли ва айни пайтда юракларни ҳаяжонга солувчи сўзларга, гўзал ва бетакрор ташбеҳларга бойлиги билан ғоят қадрли.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид Фарида Афрўз китобининг тақдимоти шеъриятга, назм ва навога ошуфта қалблар учун дийдор эканини таъкидлади.

—Ушбу адабий анжуман Фарида Афрўз шеърияти мухлислари учун ажойиб баҳонадир, — деди Сирожиддин Саййид. — Шундай гўзал диёрда Фарида Афрўздек шоиранинг бўлмаслиги мумкин эмас. Шеърият қалбларни бирлаштиради. Ватанни, мунис оналарни, меҳрни шеъриятдан айро тасаввур этиб бўлмайди. Фарида Афрўзнинг шеърияти ҳам ижодкорнинг исми-шарифига монанд нурли, ёруғ, ёниқ шеърият.
—Фарида Афрўз янги авлод ижодкори бўлиб, адабиёт майдонига кириб келди, — деди Ўзбекистон Қаҳрамони, академик, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров. — Унинг тўрт жилдлик "Сайланма" китоблари билан танишиб чиқдим. "Сайланма"нинг биринчи жилдида унинг шеърлари, иккинчи жилдида ўзбек шеъриятига олиб кирган янги шеър турлари, яна бир жилдида дунё адабиётидан ўгирган таржималари жамланган. Яна бир жилдда роман, қисса, эсселар жамланган. Мен бу асарларни ўқиб, Фарида Афрўзнинг янги ижодий фалсафа вакили сифатида кашф этдим. Бу ижодда улкан янгиликка интилиш мужассам.
Анжуман иштирокчиларининг эътироф этишича, Фарида Афрўз шеъриятида нафосат, мусиқийлик, топқирлик, бетакрор ифода мужассам.
Латиф шаҳар Қўқонда таваллуд топган Фарида Афрўз болаликдан мумтоз адабиётга, шеъриятга ошно. Ижодкор 1994 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Фарида Афрўзнинг «Қирқкокиллигим», «Изтироб кўйлаги», «Тунлар исёни», «Кўзим маним…», «Қурбонжон додхоҳ» тарихий драмаси, «Ўзимдан ўзимгача», «Пока есть на земле разлука…», «От Фариды Афруз» (Москва), «Гун айдин» (Истанбул), «Ушшоқ», «Тасбиҳ», “Ўша кун – бугундир” сингари шеърий тўпламлари чоп этилган. Бугунга қадар Фарида Афрўзнинг ўттизга яқин адабий тўпламлари китобхонларга тақдим этилган.
Шеърлари рус, турк, инглиз, немис, француз, форс, уйғур, озарбайжон, гагоуз, хитой, корейс тилларига таржима қилинган.
Ўз навбатида шоира жаҳон адабиётидан япон ҳайкуларини, турк шеъриятидан Мустафо Отатурк, Зиё Кўкалп, Ҳусайн Отсиз, Доғларжа, Исмат Ўзал шеърларини, форс шеъриятидан Меҳри Ҳиротий ҳамда замонавий форс шеъриятидан Заҳро Абул Ҳусайний, Судоба, Соя Кабирий ғазалларини, замонавий қозоқ ва қорақалпоқ шеъриятидан ва америкалик руҳшунос Дейл Карнеги асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Адабий кеча назм ва наво кечаси сифатида жуда файзли руҳда бўлиб ўтди. Шоира ҳаёти, ижоди, фаолиятига бағишланган фильм намойиш этилди. Шеърлар, бетакрор қўшиқлар янгради.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири