Осуда, фаровон келажагимиз эгалари кенгашди
Термиз шаҳрида Сурхондарё вилоятидаги «Келажак лидерлари» клуби аъзоларининг форуми бўлиб ўтди.
Клуб аъзолари ва фаол ёшлар иштирок этган анжуманда вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари И.Сапаров, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят ҳудудий филиали раҳбари ўринбосари Ш.Мисиров, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ж.Чориев форум иштирокчиларини мазкур тадбир билан қутлаб, Ватанимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсатининг мазмун-моҳияти, янги авлод кадрларини тайёрлашда фаол ёшлар ҳамда «Келажак лидерлари» клуби аъзоларининг ўрни ҳақида атрофлича фикр юритди. Ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, воҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ва Янги Ўзбекистонни барпо этишдаги истиқболли режаларга эътибор қаратилди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда давлат ва жамият бошқарувига ёш кадрларни янада кенгроқ жалб этиб, уларни масъул раҳбарлик лавозимларига тарбиялаб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ишлар натижадорлигини ошириш учун Сурхондарё вилоятида ҳам тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Айни пайтда вилоятдаги давлат органлари ва ташкилотлари фуқаролик хизматчиларининг 1 минг 164 нафари ёки 22 фоизини ёшлар ташкил этмоқда.

Жорий йилда вилоятда давлат ва жамият бошқарувига янги авлод кадрларини шакллантириш, ёшлар айниқса, ёш хотин-қизларни давлат хизматига кенг жалб этиш, ёш истиқболли кадрлардан раҳбарлик лавозимларига захира шакллантириш ҳамда давлат хизматининг жозибадорлигини таъминлаш муҳим вазифалардан бири сифатида белгилаб олинди. Шунга мувофиқ, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят ҳудудий филиали қошида 21 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёшлар, давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган ёш фуқаролик хизматчилари учун 50 нафар йигит-қиздан иборат «Келажак лидерлари» клуби ташкил этилди. Клуб аъзоларининг 35 нафари ёш давлат фуқаролик хизматчилари, 15 нафари олий таълим муассасалари талабаларидир. 11 нафарини фаол хотин-қизлар ташкил этади.

Воҳада «Келажак лидерлари» клуби ташкил этилганидан буён аъзоларнинг бир нафари ҳоким ёрдамчиси, беш нафари ёшлар етакчиси лавозимида иш бошлади.

Форумда «Келажак лидерлари» махсус малака ошириш дастури битирувчилари Нурислом Тўрақулов ва Шаҳноза Туробова мазкур дастурнинг бўлажак ёш раҳбарларни шакллантиришдаги ўрни ҳақида фикр алмашди. Ҳудуддаги энг долзарб муаммолар таҳлили ва ечимига бағишланган тақдимотлар ўтказилди. Вилоят «Келажак лидерлари» клубининг 90 кунлик фаолияти акс этган видеоролик намойиш этилди.
Республика «Келажак лидерлари» форумига вакиллар сараланди. Бир гуруҳ фаол аъзолар рағбатлантирилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА