Осиёда ишонч ва ҳамкорликнинг янги уфқлари
Бугунги шиддат билан ўзгараётган дунёда геосиёсий жараёнлар мураккаблашуви, глобал ва минтақавий хавф-хатарларнинг кучайиши барча давлатлардан янада чуқурроқ ўйланган ҳамда масъулиятли сиёсатни талаб этмоқда. Жаҳон хўжалиги тизимидаги узилишлар, иқлим инқирози ва сиёсий беқарорликлар фонида Осиё қитъасининг келажаги, ундаги тинчлик ва ҳамкорлик масалалари ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айнан шундай тарихий бир шароитда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг еттинчи саммитидаги нутқи нафақат қитъамиз, балки жаҳон ҳамжамияти эътиборини тортиб, давлатимизнинг тинчликпарвар ва стратегик ташаббускор сиёсатини яққол намоён этди. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ҳар бир ғоя ва таклиф замирида инсон омили, халқимиз ва қитъамиз аҳолисининг осойишта ҳамда фаровон турмушини таъминлашдек олий мақсад ётгани алоҳида эътиборга молик.
Дунё чуқур геосиёсий ўзгаришларни бошидан кечираётган, янги таҳдидлар пайдо бўлаётган ҳозирги вазият барчадан янада яқин ҳамкорликни ва бирлашган ҳолда қарорлар қабул қилишни талаб этмоқда. Айниқса, Осиёнинг турли ҳудудларида сақланиб қолаётган ёки янгидан алангаланаётган қуролли низолар барчамизни чуқур хавотирга солмоқда. Бундай можароларнинг оқибатлари шунчаки тўқнашув ҳудуди билан чекланиб қолмай, геосиёсий занжирлар орқали минтақамиз хавфсизлигига путур етказмоқда, глобал иқтисодий алоқаларни узиб, миллионлаб инсонлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шу сабабли, Президентимиз таъкидлаганидек, Ўзбекистоннинг бу борадаги позицияси аниқ ва қатъийдир: ҳар қандай низо ва келишмовчиликлар фақат тинч йўл билан, сиёсий-дипломатик воситалар орқали, халқаро ҳуқуқ ва барча томонлар манфаатларини инобатга олган ҳолда ҳал этилиши зарур. Бу бежиз эмас, чунки мулоқот сусайган жойда нотўғри ва таҳликали қарорлар қабул қилиш хавфи кескин ортади. Шу боис сиёсий келишмовчиликлар қуролли тўқнашувларга айланиб кетмаслиги учун мавжуд барча имконият ва дипломатик ричагларни ишга солиш лозим. Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг асл ўрни ва таъсир кучи айнан шунда намоён бўлиши, унинг асосий мақсади эса қитъамизда ўзаро ҳамкорликнинг яхлит ва мустаҳкам инфратузилмасини шакллантиришдан иборат бўлиши шарт.

Ушбу эзгу мақсадга эришиш йўлида давлатимиз раҳбари томонидан “Осиёда ишонч инфратузилмасини шакллантириш концепцияси”ни ишлаб чиқиш таклиф этилди. Мазкур стратегик ҳужжат Кенгашни узоқ муддатли ривожлантиришнинг асосий йўналишларини ҳамда давлатлар ўртасидаги алоқадорликни кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаб беради. Хусусан, транспорт ва энергетика бўйича қўшма йирик лойиҳалар, савдо ва рақамли алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, маданий-гуманитар алмашувлар бу жараёнда устувор аҳамият касб этади.
Бундан ташқари, шиддатли технологик тараққиёт ва глобал иқлим ўзгаришлари инсоният олдига тамомила янги вазифаларни қўймоқда. Бир томондан, технологик инқилоб ҳаётимизни енгиллаштираётган бўлса, иккинчи томондан, экологик таҳдидлар барқарор келажакка хавф солмоқда. Шу сабабли рақамли тараққиёт фақат айрим ривожланган давлатларнинг имтиёзи бўлиб қолмай, сиёсий ва географик жойлашувидан қатъи назар, сифатли рақамли инфратузилмага эга бўлиш барчага бирдек фойда келтириши, технологик ривожланишдаги узилиш ва фарқлар қисқариши учун бор имкониятларни сафарбар этиш давр талабидир.
Айнан шу мақсадда Ўзбекистон Президенти томонидан “Технологик ишонч ва сунъий интеллектдан масъулият билан фойдаланиш бўйича Осиё ташаббуси” илгари сурилди. Бу ташаббусни ҳаётга татбиқ этиш учун Кенгаш доирасида Экспертлар майдонини ташкил этиш таклиф қилинди. Ушбу майдонда мамлакатларимизнинг етакчи мутахассислари ва олимлари умумий тавсияларни ишлаб чиқиши ва амалий чораларни келишиб олиши мумкин бўлади.
Шу билан бирга, иқлим ўзгаришига қарши курашишда давлатларнинг куч ва имкониятларини бирлаштириш мақсадида Президентимиз “Иқлим барқарорлиги соҳасида шериклик қилиш бўйича ташаббус”ни ўртага ташлади. Бу шунчаки назарий декларация бўлмай, сувни тежайдиган ва инновацион технологияларни биргаликда жорий этиш, “яшил” энергетика соҳасидаги сармоявий лойиҳаларни кенгайтириш ҳамда атроф-муҳит ҳолатини доимий кузатиб боришнинг ягона механизмини яратиш каби муайян амалий қадамларни кўзда тутади. Бу эса эҳтимолий экологик ва сув дефицити хавф-хатарларини камайтириб, табиий ресурсларни келажак авлодлар учун бекаму кўст сақлаб қолиш имконини беради.
Президентимиз ўз нутқида халқаро майдондаги яна бир муҳим тарихий воқеликка алоҳида урғу берди: келгуси йили Ўзбекистон Қўшилмаслик ҳаракатининг йигирманчи саммитига мезбонлик қилади ва мамлакатимиз 2030 йилга қадар ушбу йирик ва нуфузли ташкилотга раислик қилади. Бу Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий майдондаги обрў-эътибори ва геосиёсий вазн-эътибори тобора ортиб бораётганининг яққол тасдиғидир. Қўшилмаслик ҳаракати ҳамда Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг мақсад, тамойил ва қадриятлари кўп жиҳатдан бир-бирига ўхшаш ва яқин бўлиб, иккала тузилма ҳам тинчлик, мулоқот, блокларга қўшилмаслик ва низоларни сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этишни тарғиб қилади.
Хулоса қилиб айтганда, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан саммитда илгари сурилган комплекс ташаббуслар мураккаб геосиёсий вазиятда Осиёда тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга қаратилган амалий ҳаракатлар дастуридир. Давлатимиз раҳбарининг низоларни тинч-дипломатик йўл билан ҳал этиш, рақамли ва технологик адолатни таъминлаш ҳамда иқлим хавф-хатарларига қарши биргаликда курашиш борасидаги таклифлари бунга яққол мисол бўла олади. Бундай серқирра ёндашув Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлик, тинчликпарварлик ва ташаббускорлик тамойилларига содиқлигини яна бир бор намоён этади ҳамда қитъамиз аҳолисининг фаровон келажагини таъминлашга хизмат қилади.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА