Осиё хотин-қизлари форумининг Бухоро декларацияси қабул қилинди
Ўзбекистон Осиё хотин-қизлари II форумига мезбонлик қилди. Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган форум “Аёлларга инвестиция – барқарор ўсиш асоси: хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва экологик имкониятларини кенгайтириш” мавзусига бағишланди.
Тадбирда 20 дан ортиқ хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси ижрочи директори, ШҲТ, халқаро молия институтлари, Шарқий Осиё, Жануби-Шарқий Осиё, Жанубий Осиё ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари парламентларининг аёл аъзолари, Ҳукумат вакиллари, шунингдек, хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари иштирок этди.
Форум очилиши ва сессияларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, етакчи аёллар, ишбилармон доиралар, сиёсатшунослар, ижтимоий соҳа фаоллари, олимлар ҳамда турли иқтисодиёт тармоқлари вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти форум иштирокчиларига табрик йўллади. Форумнинг очилиш маросимида табрикни Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўқиб эшиттирди.
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига йўллаган самимий табриклари нуфузли анжуманга алоҳида мазмун бағишлаганини эътироф этди. Форум иштирокчилари номидан давлатимиз раҳбарига самимий қутлов учун, қимматли фикр ва ташаббуслар учун чуқур миннатдорлик билдирилди.

– Ушбу мурожаат – бу шунчаки табрик эмас, балки давлат раҳбарининг хотин-қизларга бўлган муносабатининг ёрқин ифодаси, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги қатъий сиёсий ироданинг намунаси, - деди Т.Норбоева. – Бугун ишонч билан айта оламизки, Ўзбекистонда гендер тенглик соҳасида эришилаётган барча ютуқ ва натижалар шунинг меваси, қолаверса, бутун жамиятимизнинг якдил ва мақсадли ҳаракати натижасидир. Бу жараёнларда Президент Администрацияси, Парламент ва Ҳукумат, фуқаролик жамияти институтларининг фаоллик ва якдиллик билан ҳаракат қилмоқда.
Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани қайд этилди. Мазкур форум Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқида илгари сурган ташаббусининг амалий натижасидир.
Маълумки, Самарқандда ўтказилган биринчи форум бундай мулоқот майдонига қанчалик катта эҳтиёж борлигини кўрсатди ва халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Эндиликда бу майдонни доимий платформага айлантириш йўлида муҳим қадам ташланди.
БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили ва БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе келажак ҳақида мулоқот айнан тарихий Бухорода олиб борилаётгани чуқур рамзий маънога эга эканини эътироф этди.
– Бухоро асрлар давомида илм-фан, маърифат, маданиятлараро мулоқот ва дипломатия маркази бўлиб келган, – деди Каха Имнадзе. – Бугун эса ушбу қадимий шаҳар минтақа аёлларининг етакчилиги, илмий салоҳияти ва ҳамкорлик ташаббусларини бирлаштирувчи муҳим майдонга айланди.

Форумда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларига қаратилган муҳим масалаларга эътибор қаратилди. “Хотин-қизларнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш – барқарор бандлик, тадбиркорлик ва мувозанатлашган минтақавий ўсиш омили” мавзусида ўтказилган сессияда хотин-қизларнинг меҳнат бозори ва бизнесдаги иштирокини кенгайтириш, муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, даромадлардаги гендер тафовутни қисқартириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири экани қайд этилди.
“Илм-фан, таълим, экология, инновация ва сунъий интеллект соҳаларида хотин-қизлар: янги авлод имкониятлари” мавзусидаги сессияда хотин-қизларни STEM таълимига жалб этиш, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳасида уларнинг салоҳиятини ривожлантириш, экологик ташаббуслардаги иштироки ҳамда технологиялар орқали содир этиладиган гендер зўравонликка қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди.
Қизларни сифатли таълимга кенг жалб этиш, замонавий касб ва кўникмаларни эгаллаши учун шарт-шароит яратиш, шунингдек, уларни илмий тадқиқотлар ва технологик стартапларга фаол жалб қилиш барқарор тараққиётнинг муҳим омили экани қайд этилди.
“Хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояси ва ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш ҳамда рақамли муҳитда хавфсизликни таъминлаш: барқарор ва инклюзив жамиятни шакллантиришнинг устувор йўналишлари” мавзусидаги сессияда Ўзбекистоннинг хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, кибермакондаги таҳдидларга қарши самарали механизмларни жорий этиш борасидаги тажрибаси, шунингдек, Осиё давлатлари билан минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

Коррупциянинг аёллар иқтисодий имкониятларига таъсири, рақамли муҳитда гендер зўравонликнинг олдини олиш, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Сессиялар якунлари бўйича мазкур йўналишларда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва аниқ амалий механизмларни жорий этишга келишиб олинди.
Осиё хотин-қизлари форумининг Бухоро декларацияси қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатда хотин-қизларни давлат ва жамоат бошқаруви ҳамда қарорлар қабул қилиш жараёнларида иштирок этиши соҳасида уларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, аёллар ва қизларнинг сифатли таълим, илм-фан, технологиялар ҳамда инновациялар, шу жумладан, рақамли кўникмаларни эгаллаш имкониятларидан тенг фойдаланишини таъминлаш зарурлиги билан боғлиқ чақириқлар ўрин олган.
Форум иштирокчилари Ўзбекистон Республикасига Осиё аёллари иккинчи форумини ўтказгани ҳамда Осиёда аёлларнинг роли ва имкониятларини кенгайтириш мақсадида мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди.
Норгул Абдураимова, ЎзА