Осиё ўйинлари: Соҳил волейболида ҳамюртларимиз Қозоғистон жамоасини мағлуб этди
ХХ ёзги Осиё ўйинлари доирасидаги соҳил волейболи баҳсларида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси аъзолари Азамат Дауилбаев/Дилшодбек Толибоев жуфтлиги гуруҳ босқичидаги навбатдаги учрашувда муваффақиятга эришди.
Юртдошларимиз соҳил волейболининг “G” гуруҳидаги мураккаб кечган ўйинда Қозоғистон терма жамоаси аъзолари Муҳаммадов/Яковлев жуфтлигини 2:1 ҳисобида мағлуб этди.
Учрашувнинг биринчи даврасида ҳамюртларимиз 21-14 ҳисобида мағлуб бўлган бўлса, қолган 2 та ўйинда, 16-21 ва 12-15 кўринишида устунликка эришди.
Энди юртдошларимиз гуруҳ босқичидаги навбатдаги ўйинни Япония терма жамоасига қарши ўтказади.

Соҳил волейболи дастурига мувофиқ, Ўзбекистон-Япония терма жамоалари иштирокидаги баҳс 25 сентябрь куни ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, гуруҳ босқичининг илк ўйинида ҳамюртларимиз Хитой жамоасига 0:2 ҳисобида, Қозоғистон жамоаси эса 1:2 кўринишида Японияга очко тақдим этганди.
ХХ ёзги Осиё ўйинларининг соҳил волейболи мусобақалари 3 октябрга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА