Осиё-Океания чемпионатида самбочиларимиз 10 та медалга сазовор бўлди
Филиппиндаги самбо мусобақасида Ўзбекистон ёшлари яна бир бор шоҳсупага кўтарилди. Мусобақанинг иккинчи куни ҳам терма жамоамиз учун сермаҳсул бўлди.
Филиппинда самбо бўйича кадетлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё-Океания чемпионати давом этмоқда. Мусобақанинг иккинчи кунида ёшлар ўртасидаги беллашувлар ўтказилиб, Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари 1 та олтин, 3 та кумуш ва 6 та бронза, жами 10 та медални қўлга киритди.
Мамлакатимиз жамоаси сафида Ислом Абдузакиров (-71 кг) барча рақибларини мағлуб этиб, чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди. Кумуш медаллар Лайсан Сагадиева (-54 кг), Асадбек Рўзметов (-58 кг) ва Асадбек Юлдашбоев (-98 кг) ҳисобига ёзилган бўлса, бронза медалларига Озодбек Отаев (-64 кг), Тарас Бучинцев (-79 кг), Нуриддин Шералиев (-88 кг), Руслан Шокиров (-98 кг), Асал Шавкатова (-72 кг) ҳамда Бахтжан Мамутов (-79 кг) эга чиқди.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча мусобақа доирасида ўсмирлар ўртасидаги баҳслар бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 4 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза медалга сазовор бўлган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА