Осиё кубоги: Бугун иккинчи тур ўйинлари бошланади
Хабарингиз бор, айни дамда Саудия Арабистонида футбол бўйича U17 ёш тоифасидаги Осиё кубоги бўлиб ўтмоқда.
Мусобақанинг иккинчи тури бугун, 9 май куни старт олади. Унда “А” ва “B” гуруҳларидан жой олган жамоалар майдонга тушади.
Жумладан, Саудия Арабистони "A" гуруҳидаги иккинчи учрашувини Тожикистон билан ўтказса, Мьянма ва Таиланд ўртасидаги ўйинлар 2-турни якунлаб беради. "B" гуруҳида эса Хитой – Япония ва Қатар – Индонезия жамоалари баҳсига гувоҳ бўламиз.

Биз учун аҳамиятли бўлган “D” гуруҳидаги 2-тур учрашувлари эртага, 10 май куни бўлиб ўтади. Унда Сергей Чигодаев қўл остидаги Ўзбекистон U17 терма жамоаси Ҳиндистон термаси билан ўзаро рақобатлашади. Дарвоқе, ушбу гуруҳда КХДР терма жамоаси иштирок этмагани боис Австралия бу турда дам олади.
Шунингдек, 10 май куни “C” гуруҳида Вьетнам – Жанубий Корея, БАА – Яман тўқнашуви бўлиб ўтади.

Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, 2-турдан ўрин олган Бирлашган Араб Амирликлари ва Яман терма жамоалари ўртасидаги учрашувда ҳамюртимиз Акобирхўжа Шукруллаев бош ҳакам сифатида фаолият олиб боради. Унга яна икки вакилимиз Алишер Усмонов ва Ислом Азимов қанотларда ёрдам беради.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА