Осиё чемпионатида тарихий натижа қайд этилди
Таиландда сув спорти турлари бўйича ёш тоифалари ўртасида ўтаётган Осиё чемпионатининг илк кунида спортчиларимиз 2 та бронза медалини қўлга киритди.
Осиё чемпионатининг сувга сакраш дастурида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Амал Мавлонов ва Тимур Бойчабаев платформадан синхрон сакраш дастурида 211,41 балл тўплаб, бронза медалига эга чиқди.
Эътиборлиси, Амал Мавлонов ва Тимур Бойчабаев қўлга киритган бронза медаль Ўзбекистон терма жамоасининг сув спорти турлари бўйича ёш тоифалари ўртасида Осиё чемпионатидаги илк соврини экани билан аҳамиятли.
Шунингдек, Амал Мавлонов/Абдулборий Ибрагимов жуфтлиги А/Б ёш тоифасида 3 метрлик трамплиндан синхрон сакраш дастурида 210,78 балл билан терма жамоамиз ҳисобини яна битта бронза медали билан бойитди.
Мусобақалар давом этмоқда.
Т.Рўзиев,
ЎзА