Осиё чемпионати доирасида антидопинг семинари ўтказилди
Халқаро тажриба ва миллий салоҳият: допингга қарши кураш соҳасида янги имкониятларга бағишланган семинар ўтказилди.
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати иштирокчилари учун допингга қарши кураш соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, халқаро тажрибани кенг жорий этиш мақсадида амалий семинар ташкил этилди.
Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги, Халқаро тестлаш агентлиги (ITA) ҳамда Ўзбекистон Оғир атлетика федерацияси ҳамкорлигида ўтказилган семинарда иштирокчиларга антидопинг қоидалари ва уларнинг талаблари, допинг-назорати жараёнини шаффоф ва тўғри ташкил этиш, спортчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, тақиқланган моддалар ва усуллар рўйхати, шунингдек, терапевтик мақсадларда фойдаланиш учун рухсатнома олиш тартиби бўйича маълумотлар берилди.

Семинарни Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Муҳаммад Жоолуд, Халқаро тестлаш агентлиги эксперти Рилей МасГовн ҳамда Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги мутахассислари олиб борди.
Савол-жавобларга бой тарзда кечган тадбирда халқаро экспертлар Ўзбекистонда антидопинг маданиятини юксалтириш, спортчилар ва мутахассисларнинг ҳуқуқий ҳамда амалий билимларини ошириш, халқаро стандартларни миллий спорт тизимига самарали жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатларга юқори баҳо беришди.
Т. Рўзиев, ЎзА